Энергетика вазири Алишер Султонов шу йилнинг 17 июнида Бухоро вилоятига ишчи сафари давомида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудуд аҳолисини, шу жумладан Қоракўл, Олот, Пешку ва Вобкент туманлари саноат зоналарининг газ таъминотини кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар жараёни билан танишиб чиқди.
Ушбу туманларга қилинган ишчи сафари давомида «Ўзтрансгаз» АЖ Бошқаруви раиси Улуғбек Сайидов ва бир қатор бошқа масъул шахслар иштирок этди.
А.Султонов Қоракўл-Олот АГТС (автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциялари) салоҳияти билан батафсил танишиб чиқди ва хўжалик юритувчи субъектларни газ билан барқарор таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, унинг имкониятларини кенгайтириш бўйича бир қатор топшириқлар берди. Вазирнинг баҳосига кўра, ҳозирги пайтда АГТС ни реконструкция қилиш ва янги саноат зонаси учун алоҳида саноат коллектори қурилиши давом этаётгани ва уни шу йилнинг 20 июлигача якунлаш кўзда тутилаётганини ҳисобга олиб, бунинг учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида иқтисодий фаолият ривожланиб бораётгани эътиборга олиниб, Ромитон-Олот-Қоракўл трассаси бўйича 38 км масофага яна битта диаметри 720 мм (РАК) газ қувурини тортиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Қурилиш майдончасига ташриф давомида делегация аъзолари томонидан лойиҳанинг амалга оширилиши суръатига баҳо берилди ва объектни шу йилнинг 1 сентябригача фойдаланишга топшириш мақсадида мутахассисларга батафсил тавсиялар берилди.
Тадбиркорлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, уларнинг газ таъминотига бўлган эҳтиёжи ҳақидаги ахборотлар билан бевосита танишиш мақсадида Энергетика вазири бир қатор хўжалик фаолияти субъектларида бўлди. Бу ерда барқарор равишда табиий газни узатиш, ўз вақтида ҳақини тўлаш, инфратузилма ҳолати билан танишиш билан боғлиқ масалалар юзасидан самимий суҳбат ўтказилди. Бугунги кунда тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари жойлардаги вазиятни таҳлил қилиш, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини кўллаб-қувватлашга йўналтирилган ечимларни излаб топишда энг муҳим омиллардан саналади.
Бухоро вилояти салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, саноат зоналарининг ташкил қилиниши унинг амалга оширилишига ёрдам беради. Хусусан, Қоракўл туманида яна иккита саноат зонасини очиш режалаштирилмоқда. Уларнинг объектлари орасида – 200 гектар ерда жойлашган замонавий иссиқхона, оҳак, ғишт, арматура ишлаб чиқариш цехлари кўзда тутилган.
“Ҳудудгаз Бухоро” МЧЖнинг дастлабки баҳоларига кўра, ушбу режалаштирилаётган саноат зоналарининг ўзида табиий газ истеъмолининг йиллик ҳажми 71,926 млн. куб.ни ташкил этади. Иқтисодий ривожланиш режаларини амалга оширишда газ билан барқарор таъминлаш етакчи рол ўйнайди ва ҳудудларнинг тобора ошиб бораётган салоҳиятини доимий таҳлил қилинишини тақозо этади.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати