Тошкент вилоятини газ билан барқарор таъминлаш мақсадида йирик табиий газ истеъмолчиларини алоҳида саноат коллекторларига ўтказиш ва шу каби бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги қошидаги Штаб томонидан амалга оширилаётган таҳлилга асосланган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 24 та йирик истеъмолчи, шу жумладан, тўқимачилик ва қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари, ёғ-мой, керамика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва бошқа корхоналарнинг газ тармоқларини ажратиш ва алоҳида саноат коллекторига кўчириш чоралари кўрилди.
Бу эса куз-қиш мавсумида Жануби-Ғарбий газ-транспорт тизимидан (ГТТ) таъминланувчи уй-жойлар ва ижтимоий объектлар, шу жумладан, Эркин поселкаси ҳудудидаги 4700 та, Зангиота худудидаги 7583 та, “Туркистон” маҳалласи ҳудудидаги 7032 та, “Қатортол” маҳалласи ҳудудидаги 2100 та, “Бўз сув” маҳалласи ҳудудидаги 4686 та хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларининг газ таъминотини яхшилаш имконини беради.
Штаб таҳлиллари асосида Бўка туманида “Қашқадарё” ГТТ дан йўналтирувчи 325 мм диаметрли юқори босимли газ қувурли алоҳида тармоқ тортиш бўйича қарор қабул қилинган. Ушбу газ қувури тортилиши натижасида Бўка шаҳри, Бунёдкор, Чиғатой, Олтиш маҳаллалари худудидаги 4350 та аҳоли хонадонлари 15 та ижтимоий соҳа объектлари ва 16 та тадбиркорлик субъектлари газ таъминоти яхшиланади. Ҳозирги кунда 4,5 км газ қувури барпо этилган.
Шунингдек, янги газ қувурининг қурилиши Юқори Чирчиқ туманида йиллар давомида кузатилган газ таъминотидаги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Натижада, “Арганчи” ҳудудидаги 1 778 та аҳолининг газ таъминоти яхшиланади. Ҳозирги пайтда 159 мм диаматрли газ қувурининг 4,5 км барпо этилган.
Оққўрғон туманидаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, қўшни Қуйи Чирчиқ тумани “Меҳнатобод” ГТТ дан Оққўрғон туманигача тортилган, фойдаланишда бўлмаган 6 км узунликдаги диаметри 273 мм бўлган ер усти газ қувури учун имконият мавжудлигини кўрсатди. Мутахассислар томонидан ушбу 2012 йилда қуриб битказилган газ тармоғи компрессор ёрдамида босим остида синалиб зичлиги ва мустаҳкамлиги бўйича текширилди ва ҳаво ёрдамида тозаланди ва бугунги кунда газ қувури фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилди. Бундан ташқари ГТТ нинг ички қисмида алоҳида тармоқ қуриш ишлари якунланмоқда. Штаб бошлиғи ўринбосари Акмал Эшонқуловнинг хабарига кўра, бу ишлар еттита маҳалладаги 1 415 та аҳоли хонадонлари ва 7 та умумтаълим мактабларининг табиий газ таъминотини яхшилашга хизмат қилади.
“Бундан ташқари соҳани рақамлаштириш, жумладан ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш орқали табиий газ истеъмолининг ҳисобини юритувчи, ушбу жараёнга “инсон омили” аралашувини камайтирувчи АСКУГ дастурини яратиш ишлари олиб борилмоқда” – деди Акмал Эшонқулов.
Аскуг тизимини жорий этиш бир қатор афзалликларни яратади, жумладан, бу газ қувурларининг ўтказувчанлик қувватини аниқ ҳисоб-китоб қилиш, газ қувурларида босимни пасайтириш жадвалини ишлаб чиқиш, газ тармоқларидаги авария ҳолатларида табиий газнинг чиқиб кетиш ҳажмини хисоблаш каби бир қатор имкониятларни беради.
Истиқболда – мавжуд дастурларни ягона платформага жамловчи ва шу орқали бутун тизимни рақамли ахборотлар билан алмаштириш учун ягона “Shafof Gaz” дастурини жорий этиш кўзда тутилмоқда. “Shafof Gaz” дастури ходимларга ҳам, истеъмолчиларга ҳам онлайн хизмат кўрсатиш, зарур маълумотларни мустақил олиш имкониятини яратади.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати