Юртимизда амалга оширилаётган турли соҳалардаги ислоҳотлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш каби эзгу мақсадлар йўлида олиб борилмоқда. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимида ҳам янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда тармоқни модернизациялаш, инновацияларни тадбиқ этиш ишлари долзарб тус олган. Бажарилаётган ишлар моҳияти - тизим ишида учровчи ортиқча оворагарчиликларга ва ҳисоб-китоблардаги ноаниқликларга барҳам бериш орқали истеъмолчиларга қулайлик яратишда кўзга ташланмоқда. “Ўзтрансгаз” АЖ фаолиятига АСКУГ тизимининг жорий этилаётганлиги ҳам муҳим янгиликлардан бири сифатида эътиборли. Зеро, “Табиий газ назорати ва ҳисобини автоматик юритиш тизими” АСКУГ - табиий газ таъминотини яхшилашга қаратилган самарадор ва истиқболли инновацион лойиҳа ҳисобланади.
Дастлаб, тизимнинг дастурий таъминотини ишлаб чиқиш мақсадида бир нечта хорижий компанияларнинг тажрибалари ўрганилди ва янги дастур ишлаб чиқилди. Дастурни тайёрлашда газ ҳисобини олиб боришнинг самарали, шаффоф ва ноўрин аралашувларсиз тартибини йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Тизим орқали шунингдек, ҳисобдондаги кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишлар ҳақида тезлик билан огоҳлантирувчи хабар етиб келишига эришилади. АСКУГни ишга тушириш жараёнида маҳаллий мутахассислар хизматидан фойдаланиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзнефтгазинформатика” АЖ билан 2020 йилнинг охиригача тизимни тўлиқ ишлаш имкониятини яратиш бўйича шартнома имзоланган. Ҳозирги кунда республикамиздаги мавжуд газ тақсимлаш станциялари ва газ ўлчаш станцияларининг деярли барчаси АСКУГ тизимига уланиб тест синови тарзида ишламоқда. Етказиб берилаётган табиий газ ҳажмлари тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда ҳисобга олинмоқда.
Жамият бошқарув аппаратида ташкил этилган “Марказлашган диспетчерлик хизмати” дастурнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Чунки, тизимга уланган ҳисобдонлар назорати айнан шу хизмат томонидан олиб борилади. Диспетчерликда объектларнинг ўлчов нуқтасидаги тўлиқ маълумотларни - яъни реал ҳолат кўрсаткичи, амалдаги кириш босими, табиий газнинг бир сутка давомидаги кириш ҳажми, бир кун аввалги ҳудди шундай кўрсаткичлар, харорат, босим ва босимнинг тушиб кетиши билан боғлиқ барча маълумотлар кузатиб борилади. Бу кўрсаткичлар шунингдек, мониторда графиклар тарзида ҳам акс этиб туради. Дастурда истеъмолчиларнинг шахсий кабинетлари ҳам шакллантирилган бўлиб, саҳифадан истеъмолчи тўғрисидаги умумий маълумотлар, табиий газ истеъмоли миқдори ва етказиб берилаётган ҳажмлари акс этган кўрсаткичлар ўрин олади.
Шу ўринда “Ўзтрансгаз” АЖнинг Магистрал газ қувурларидаги технологик газ ҳисоблагичларни янги тизимга улаш натижасида эришилган дастлабки кўрсаткичларга эътибор қаратамиз. 2020 йил январь-май ойларида 51 млн. куб. метр табиий газ йўқотишларининг олди олинди ва жамиятнинг қарийб 20 млрд. сўм маблағи иқтисод қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан (истеъмол ҳажмларидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда) солиштирилганда 43 млн. куб. метр табиий газ йўқотишларининг олди олинганини билдиради.
Умуман олганда АСКУГ тизимининг йўлга қўйилиши туфайли қуйидаги афзалликларга эришиш мумкин:
биринчидан - табиий газ истеъмолидаги йўқотишлар камайтирилади;
иккинчидан - магистрал газ қувурларига уланган йирик ва стратегик истеъмолчиларнинг газ сарфини назорат қилиш ҳамда газ ҳисоблагичларига навбатдан ташқари аралашувларини аниқлаш имконияти яратилади. Чунки тизимда - газ сарфи ҳисоблагичларидаги 100га яқин кўрсаткичларни таҳлил қилиш орқали ҳар қандай навбатдан ташқари аралашувларни ўз вақтида аниқлаш имконияти мавжуд;
учинчидан - табиий газ сарфи ўлчов қурилмаларидаги маълумотларни узоқ муддат сақлаш ва таҳлил қилиш имконияти яратилади. Мавжуд сервер қурилмалари хотирасида маълумотларни 5 йилдан ортиқ давр мобайнида сақлаш мумкин. (Шу пайтгача амалда бўлган газ сарфи қурилмалари маълумотларни ўз хотирасида 62 кунгача сақлай олар эди);
тўртинчидан - тизим табиий газ сарфи ўлчов қурилмаларидаги хатолик ва носозликларни ўз вақтида аниқлаш, оператив маълумот олиб, уни тезкорлик билан таҳлил қилиш имкониятини беради.
Режага кўра, АСКУГ тизимини ишга тушириш жараёни жорий йил сентябрь ойи охиригача якунланади. Тўртинчи чорак давомида тўлиқ фойдаланишга топширилганидан сўнг, тизимнинг функционал имкониятларини ошириш бўйича ишлар давом эттирилади.
“Ўзтрансгаз” АЖ Матбуот хизмати