Энергетика вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Қашқадарё вилоятидаги GTL заводининг қурилиш майдонида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этилаётганлик ва амалга оширилаётган сўнгги босқич қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди.
Коронавирус пандемияси туфайли, заводнинг қурилиш майдонидаги ишчи-ходимлари учун лойиҳа ҳудудида 1400 ўринга мўлжалланган махсус карантин зонаси ва 400 ўринли госпитал ташкил этилди.
Шу жумладан, 5 та тез ёрдам машиналари ва 30 дан зиёд тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги ташкил этилган бўлиб, коронавирус тестлари учун ускуналар, пульсоксиметр, оксигенератор ва бошқа зарур бўлган тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган махсус лаборатория ва дори-дармонларнинг захираси яратилди.
Энергетика вазири ташриф давомида ишчи-ходимлар учун яратилган ишлаш ва яшаш шароитларини тўлиқ ўрганди ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “Шўртан ГКМ” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган қўшимча махсус лаборатория билан ҳам танишди.
ПЗР тестларни бажариш учун харид қилинган ускуна ва дори-дармон захираси бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
“Uzbekistan GTL” раҳбари томонидан қурилиш майдонида санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангунига қадар ишчилар сони камайтирилганлиги, шу жумладан лойиҳага жалб этилган ишчи-ходимларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитлари яратилганлиги ҳамда ўз вақтида иш ҳақлари тўлаб берилаётганлиги борасида ахборот берилди.
Таъкидлаш керакки, минтақадаги энг инновацион ишлаб чиқариш корхоналаридан бири бўлиши кутилаётган ушбу заводда карантин ва хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда иш бир неча сменада ташкил қилинган бўлиб, қурилиш ишлари шу йилнинг охирида якунланиши режалаштирилган.
Ташриф давомида Энергетика вазири раҳбарлигида сайёр йиғилиш ўтказилди ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳа бажарилишини таъминлаш юзасидан топшириқлар ижроси ҳолати ўрганилиб чиқилди, қурилишни якунлаш бўйича муаммоли масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, GTL заводини ишга тушириш ва созлаш ишларини сифатли бажарилишини таъминлаш, шу ишларни бажарадиган ва заводни кейинчалик эксплуатациясини амалга оширадиган мутахассиларни билим савияси, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб борилиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Шўртан ГКМ” МЧЖ, “Eriel Group” МЧЖларнинг раҳбарлари, ҳамда бош пудратчи – “Hyundai Engineering Ltd.” ва “Enter Engineering Pte. Ltd.” консорциуми, лойиҳанинг бошқаруви бўйича маслаҳатчиси - TechnipFMС компаниясининг дирекция раҳбарлари, шунингдек масъул мутахассислар иштирок этдилар.
Ҳозирги вақтда айрим хорижлик мутахассисларни ватанларига юбориш ишлари олиб борилаяпти. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини узлуксизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижлик янги мутахассисларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда.
Узоқ вақтдан буён завод қурилишида ишлаётган ҳиндистонлик, веьтнамлик ва хитойлик ишчиларни малакали мутахассислар билан ўрин алмашиштириш ҳамда уларни чартер рейслар билан уйларига қайтариш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари лойиҳа менежерларига ишчилар билан ҳар куни тарбиявий-тушунтириш, мотивацион суҳбатлар уюштириш, руҳий қўллаб-қувватловга оид ишларни ташкил қилиш таъкидланди.
Шунингдек, “Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳаси доирасида пудратчилар томонидан лойиҳани амалга оширилишининг умумий кўрсатгичи 90 фоизга бажарилгани маълум қилинди.
Қурилиш майдонига 93 фоиз асосий технологик ускуна ва қурилмалар етказилгани, шундан, 73 фоизи (ёки 34,1 минг тоннага тенг) заводнинг технологик ҳудудига ўрнатилгани таъкидланди.
Таъкидлаш керакки, тўлиқ лойиҳалаш қувватига эришгач, заводда йилига 3,6 миллиард кубометр табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати