Kun.uz сайтида бир неча кун аввал “Суюлтирилган газ таъминотини хусусий секторга бериш вақти келмадими? Андижондаги газ баллонини орзиқиб кутаётган маҳаллалар ҳақида” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Мақоладан сўнг, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали мурожаатчилар билан учрашди, уларни муаммоларини ҳал этди. Шу билан бирга сайт мухбири учун кичик пресс-тур ташкил этилиб, вилоятда мавжуд суюлтирилган газ таъминоти қандай ташкил этилганлиги билан таништирилди.
Дастлабки ташрифимиз Қўрғонтепадаги газ тўлдириш шохобчаси бўлди. Ушбу манзилда MAN русумли газ ташувчи махсус автотраспорт газ тўкаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Филиалнинг “Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати” бўлим бошлиғи Зафарбек Қаҳҳоровнинг айтишича, таъминот корхонасида мана шундай 20 та автотранспорт мавжуд. Улар вилоятга суюлтирилган газни Қашқадарё вилоятидан ташиб келтиради.
Ҳар бир рейсда ўртача 18 тоннача газ олиб келиниб, битта махсус автотранспорт ўз цистернасида бир ой мобайнида 6-8 марта суюлтирилган газ олиб келиб, бир марталик сафарга бориб-келиш учун 1680-1720 км йўл босилар экан.
Андижонда бугунги кунда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш учун газ таъминоти филиалида 3 та газ тўлдириш шохобчаси ишлаб турибди. Уларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 4860 тонна ва газ сақлаш қуввати 457 тоннани ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга. Истеъмолчиларга 62 дона ISUZU русумли махсус автотранспортларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Шунингдек, “Ширин газ сервис” ҳамда “Пойтуғ” газ тўлдириш станциялари билан ҳам шартномалар мавжуд.
Карантин даврида барча газ тўлдириш шохобчаларда маиший газ баллонларини тўла дезинфекция қилувчи қурилмалар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир машинани кириш ва чиқишда зарарсизлантирмоқда. Шунингдек, маиший газ баллонларини машиналарга юклаётган чилангарлар хоҳлаган баллонини назорат тарозисига қўйиб, назоратдан ўтказиш имконияти яратилган.
Яна бир жиҳат, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда чилангар ва ҳайдовчи-диспетчерлар меҳнат қилмоқда. Маиший газ баллоннинг бўш ҳолатдаги вазни 20-25 кг.ни, тўла ҳолда эса 40-45 кг.ни ташкил этади. Агар битта ISUZU махсус автомашинасига 110 та маиший газ баллон сиғса, унда чилангар бир кунда 5 тонна атрофидаги бўш баллонларни, 10 тоннага яқин тўлатилган баллонларни юклаб, туширади. Кун бўйи ушбу рақам умумий ҳисобда 15 тоннагача бўлган юкни ташкил этмоқда.
Ишлаб чиқариш заводларидан бир дона автоцистернада ўртача 20 тонна суюлтирилган газ олиб келиш учун ҳайдовчининг иш ҳақини қўшиб ҳисоблаганда 6 864 700 сўм харажат қилинади. Шунча миқдордаги газни газ тўлдириш шохобчасига қабул қилиш ва маиший газ баллонларга қуйиш харажатлари 3 209 480 сўмни ташкил этади. Истеъмолчиларга етказиб бериш харажати эса 2 529 992 сўм (бунда албатта иш ҳақлари ва автотранспорт харажатлари ҳам мавжуд). Шундай қилиб, жами 22 504 172 сўмни ташкил этмоқда. Ушбу рақамни 20 тонналик миқдорга бўлинса, ўртача бир дона газ маиший газ баллонни истеъмолчига етиб бориши учун 22 504 сўм сарфланмоқда. Бугунги кунда аҳоли эса 20 килограммли газ баллонни 22 400 сўмдан сотиб олмоқда.
Таништирув давомида маиший газ баллонларини таъмирлаш цехини фаолияти билан ҳам танишдик. Ҳозирда вилоят бўйича ана шундай сервислардан 3 таси фаолият юритмоқда экан. Уларнинг хизмат кўрсатиш қуввати бир ойда 780 донани ташкил қилиб, ҳозирда ўртача 1000дан ортиқ баллон таъмирдан чиқарилмоқда.
Йўл-йўлакай суҳбатлашиб, Андижон туманидаги “Айрилиш” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Мустақил юрт” кўчасида маиший газ баллонлари етказиб бериш жараёнига ҳам гувоҳи бўлдик. Орада мурожаатчи Обиджон Ғозиев билан телефонлашганимизда, “ҳақиқатан ҳам газ идораси ходимлари келганлигини, муаммони ҳал этиб, суюлтирилган газ етказиб берилганлигини айтди..”. Маиший газ баллонларини алмаштириш жараёнида эса, ходимларнинг карантин қоидаларига амал қилаётганлиги, истеъмолчига эса газ баллонларини ўрнатиб беришаётганлигини кўрдик.
Суҳбат якунида бугунги кунда 423 мингдан ортиқ истеъмолчининг 575 мингдан зиёд газ баллонларини суюлтирилган газ билан таъминлаш осон бўлмаётганлигини эътироф этдик. Ўтган йили 47 минг тонна “зангори олов” етказиб берилган бўлса, бу йил 18 минг тонна кўпроқ газ етказиб бериш режалаштирилибди. Бизни хурсанд қилган жиҳат эса, яқин орада истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиш тизимини автоматлаштиришга ўтиши кутилмоқда экан. Бунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида, суюлтирилган газ таъминоти бўйича ҳам ҳар бир истеъмолчини махсус ID карталар билан таъминланар ҳамда маиший газ баллонларга махсус ёрлиқлар ёпиштирилар экан. Бу орқали эса бутун республика бўйлаб суюлтирилган газни истеъмолчи томонидан қабул қилиш ва тўловни амалга оширишда очиқлик ва шаффофлик яратилади ҳамда ҳисоб-китоб тизими автоматлаштирилади.
Бугун “Ҳудудгаз Андижон” ГТФ ҳам аҳолига суюлтирилган газни имтиёзли нархларда етказиб бермоқда. Жорий йилги куз-қиш мавсумида эса 36 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш мақсад қилинган.
Манба: Kun.uz