Хабар қилганимиздек, бугун 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов бошчилигидаги Энергетика вазирлиги махсус штаби ҳудудларда аҳоли ва бюджет ташкилотларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон вилоятига борди.
Ишчи гуруҳ вилоятнинг чекка ҳудудларидаги истеъмолчиларга етказиб берилаётган суюлтирилган газ таъминоти билан танишди. Ахоли хонадонларига ташриф буюрилиб, етказиб берилаётган энергия ресурслари таъминоти сифати борасида фикр алмашилди.
Вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида жами 781,1 млн куб.метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 39,9 миллион куб.метрга ёки 5,4 фоизга кўп. Вилоятда табиий газ истеъмолчилар сони 251 598 та бўлиб, шундан: 2694 та юридик ва 248 904 та жисмоний истеъмолчини (хонадон) мавжуд.
Вилоятда 5250,9 км газ қувурлари ва 4578 та газ тақсимлаш пунктларидан фойдаланилади. Истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб 18 та махсус техника ва 72 нафар ходимлардан иборат 18 та бригада фаолият юрита бошлайди.
Шунингдек, вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида жами 45 806 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган. Бу ўтган мавсумга нисбатан 18 994,7 тонна ёки 70,8 фоизга кўп.
Истеъмолчиларга 11 та вагонцистерна, 20 та автоцистерна ва 65 та ISUZU русумли махсус автотранспортларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Махсус штаб ўз ишини давом эттирмоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати