Бугун 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов бошчилигидаги махсус штаб Андижон вилоятидаги Асака туман “Автозавод” подстанциясида бўлди.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари 80 фоизга бажарилган, – дейди подстанция бошлиғи Расулжон Ҳайдаров. – Автомобиль ишлаб чиқариш корхонасида электр энергиясида узилиш бўлмаслиги учун дам олиш кунлари режалаштирилган таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қисқа муддат ичида қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишлар тўла якунланади.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини белгиланган муддатда тугатиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, вилоят истеъмолчиларига 2020-2021 йиллар давомида жами 2099,5 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилади. Бу ўтган мавсумга нисбатан 112,4 миллион киловатт соатга ёки 10,5 фоизга кўп.
Жами истеъмолчилар сони 629 773 та бўлиб, шундан 17 074 таси юридик ва 880 та маҳалладаги 612 699 та жисмоний истеъмолчи (хонадон) мавжуд.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда вилоят бўйича 17,1 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 7349 та трансформатор пунктларидан фойдаланилади.
Жорий йилнинг 1 октябригача 1585,1 км электр тармоқлари ва 581 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланиши режалаштирилган. Бугунги кунга 32 та трансформатор пункти, 5,0 тонна трансформатор мойи ва 8,1 км кабель махсулотларининг заҳираси яратилган.
Энергетика вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Шаҳрихон ва Избоскан туманларида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди. Андижон вилоятида ўрганиш жараёни давом этмоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати