Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги махсус штаби ҳудудларда аҳоли ва бюджет ташкилотларини 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси билан таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида “Тахиатош иссиқлик электр станцияси”га борди.
Маълумки, “Тахиатош ИЭС”да жами 560 МВт қувватли иккита газ-буғ қурилмаларини қуриш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди.
Мазкур йирик инвестицион лойиҳа мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Тахиатош ИЭСда 230 – 280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳа замонавий илғор технологиялар асосида Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги жорий этилаётган иккита буғ-газ қурилмасининг ишга тушиши билан – станциянинг ўрнатилган қуввати 730 МВт дан 1003 МВт гача ошади. Йиллик ишлаб чиқариладиган электр энергияси миқдори 3,0 млрд. кВт.соатдан 3,6 млрд. кВт. соатгача етказилади. 1 кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 164,3 гр кВт.соатга камаяди. Бу билан бир йилда 488,6 млн. м3 табиий газ тежалишига эришилади.
Бугунги кунда 280 МВт қувватга тенг 1-сон буғ-газ қурилмаси энерготизимга уланиб, тест синов тартибида тўлиқ қувватда ишламоқда. 2-сон буғ-газ қурилмасида барча қурилиш ишлари якунланган, қурилманинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш учун хорижлик мутахассислар билан биргаликда синаш-созлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати