Кеча 27 сентябрь куни Энергетика вазирлиги махсус штаби Бухоро вилояти истеъмолчиларини 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ дастлаб 500 кВли “Қоракўл” подстанциясида бўлиб, мавсумга тайёргарлик жараёнлари билан танишди. Шундан сўнг, Олот туман ҳокими Наргиза Неъматова билан биргаликда туманда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, жорий йил апрель ойида бўлган кучли шамол ва ёмғир оқибатида ҳудуддаги электр энергияси таъминотида юзага келган жиддий муаммолар энергетиклар томонидан қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этилиб, истеъмолчилар электр энергияси билан узлуксиз таъминлаб келинмоқда.
Маълумот учун, вилоят истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида жами 1826,3 миллион кВт соат электр энергияси етказиб берилади. Вилоятда истеъмолчилар сони 426100 та бўлиб, шундан 21598 та юридик 404502 та жисмоний истеъмолчилар (аҳоли) ҳисобланади.
Истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлаш учун 16,2 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4957 та трансформатор пунктларидан фойдаланилади.
Жорий йилнинг 1 октябрига қадар 2633,8 километр электр узатиш тармоқлари ва 717 та трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланади. Бугунги кунда 24 та трансформатор пункти, 20,5 тонна трансформатор мойи ва 31,4 километр кабель махсулотларининг авариявий заҳираси яратилган.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати