Фарғона вилояти истеъмолчиларини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш ҳамда ҳодимларни иш жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига қатъий амал қилиш мавзусида “Ўзэнергоинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими томонидан ҳудудда энергетика тизимида фаолият олиб бораётган мутахассислар иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Тадбир давомида электр тармоғи хўжалиги объектларида бахтсиз ходисаларнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг оқибатлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди ва бу борада фикр-мулоҳазалар алмашилди.
“Ўзэнергоинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими ва “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖ корхонаси ўртасида электр тармоғи хўжалиги объектларида бахтсиз ходисаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур чора-тадбирларга асосан ходимлар томонидан жойларда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши юзасидан доимий ўрганишлар ўтказилмоқда.
Бундан ташқари қиш мавсумида истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланишлари ҳамда ностандарт ва қўлбола электр иситиш мосламаларидан фойдаланмасликлари юзасидан жойларда тегишли тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ўтказилган семинар йиғилишда энерготизимда содир бўлган бахтсиз ходисаларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларни олдини олишга қаратилган амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирги кунда Фарғона вилоятида 780 мингдан ортиқ аҳоли ва 45 мингдан зиёд улгуржи истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида узлуксиз ва сифатли электр энергияси етказиб бериш, мавсумни беталофат ўтказиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳусусан, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда 2 та 35-110 кВ кучланишли куч трансформаторлари, 43 та 35-110 кВ кучланишли ўчиргичлар, 2 333,1 км узунликдаги 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 842 дона трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 210 та 35-110 кВ кучланишли куч трансформаторлари, 201 та 35-110 кВ кучланишли ўчиргичлар, 4657,7 км узунликдаги 0,4-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 1667 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди.
Ўз навбатида мазкур корхона томонидан электр тармоғи хўжалиги объектларини белгиланган муддатларда сифатли ва тўлақонли таъмирланиши, таъмирлаш ишларини белгиланган меъёрларга мувофиқлиги устидан “Ўзэнергоинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими томонидан назорат ўрнатилган бўлиб, таъмирлаш ишларида аниқланган камчиликларни бартараф этилиши юзасидан энергетика корхоналарига кўрсатма ва тавсиялар берилиб, таъмирлаш ишларини сифатли бажарилиши таъминланмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” Матбуот хизмати