2020 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси Энергетика вазирлигининг «Аҳоли ва ишлаб чиқариш қувватларини электр энергияси ва газ билан таъминлаш борасида (айниқса куз-қиш ойларида фойдаланишида) амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисида»ги ахборотини эшитди.
Эшитувда таъкидланганидек, жорий йилнинг 18 сентябрь куни Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилишда республика истеъмолчиларини куз-қиш мавсумида ёқилғи-энергетика респурслари билан барқарор таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Энергетика вазирлигининг махсус штаби ташкил этилди. Унга кўра жорий йилнинг 7-30 сентябрь кунлари Штаб томонидан республикамизнинг барча ҳудудларига чиққан ҳолда электр энергетика, газ ва кўмир таъминоти объектларининг мавсумга тайёрлиги танқидий ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш натижасида аниқланган муаммолар бартараф этилиб, тармоқларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлик паспортлари ишлаб чиқилди.
Хусусан, октябрь-март ойларида республика истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 40 миллиард 816 миллион киловатт соатни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, иссиқлик электр станцияларида янги қувватларнинг барпо этилиши ҳисобига куз-қиш мавсумида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийиб 3 миллиард киловатт соат электр энергияси кўп ишлаб чиқарилади. Жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида қуввати 280 мегаватт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси, Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида қуввати 450 мегаватт бўлган иккинчи буғ-газ қурилмаси, Фарғона иссиқлик электр марказида 17 мегаватт газ турбинаси йил охиригача ишга туширилади. Бунинг натижасида, республика аҳолисига ўтган йилга нисбатан 5,3 фоизга ёки 454 миллион киловатт-соатга кўп электр энергияси етказиб берилади.
Шунингдек, узунлиги 24 минг километр бўлган электр узатиш тармоқлари, 7 732 та трансформатор пунктллари мукаммал таъмирланди. 46 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 15 мингта трансформатор пунктлари жорий таъмирдан чиқарилди.
Авария-тиклаш бригадалари фаолияти учун 400 та трансформатор, 870 тонна трансформатор мойи, 1 254 та таянчлар, 187 тонна сим ва 39 километр кабель маҳсулотлари захираси яратилди.
Истеъмолчиларга замонавий электр ҳисоблагичлари ўрнатиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда ҳудудлар бўйлаб 4 миллион 132 минг дона электр ҳисоблагичлар ўрнатилди. Йил якунига қадар яна 3 миллион 286 минг дона ҳисоблагич ўрнатилиб, 2021 йилнинг I-чорагида барча истеъмолчилар ягона биллинг тизимига уланиши режалаштирилган.
Республикамизда табиий газ истеъмолчилари сони 7 миллион 389 мингта бўлиб, шундан 3 миллион 749 таси табиий газдан ва 3 миллион 639 таси суюлтирилган газдан фойдаланади.
Тасдиқланган балансларга мувофиқ куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 24,9 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу ўтган йилги мавсумга нисбатан 340 миллион куб метрга кўпни ташкил қилади.
Йил охирига қадар Шўртан газ-кимё мажмуасининг метан гази асосида йилига 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш замонавий комплексида қурилиш-монтаж ишлари якунланади. 2021 йил биринчи ярмида дизел ёнилғиси, авиакеросин ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Натижада йилига 3 миллиард куб метр газ хомашё сифатида чуқур қайта ишланади.
Республика истеъмолчиларини куз-қиш мавсумида табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида 56 километр газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, 45 километр қисми реконструкция қилинди. 80 334 та газ тақсимлаш пунктлари техник тафтишдан ўтказилиб, 610 таси мукаммал таъмирланди. Бу ўз навбатида 144 мингта аҳоли хонадонининг табиий газ таъминоти яхшиланишига имкон яратди.
Бундан ташқари, АСКУГ тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида жами аҳоли истеъмолчиларига 378 минг дона замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, жорий йил охирига қадар 1,5 миллион донага етказилади.
Табиий газ етиб бориши қийин бўлган ва тоғли ҳудудларида жойлашган аҳоли истеъмолчиларини биринчи навбатда суюлтирилган газ ва кўмир ёнилғиси билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида жами 386 200 тонна суюлтирилган газ билан таъминланиши белгиланган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 132 минг тоннага кўпни ташкил қилади.
Аҳолининг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, йил бошидан буён 31 минг 200 дона маиший газ баллонлари етказиб берилди. Белгиланган графикка мувофиқ, йил якунигача Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларига яна 45 минг 700 дона газ баллонлари етказиб берилади.
Суюлтирилган газ етказиб бериш жараёни ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш мақсадида, 3,5 миллион дона ID-карталар ва 4,5 миллион дона бар-кодли махсус ёрлиқларни харид қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунгача 1,3 миллион дона ID-карталар жойларга етказиб берилиб, мазкур тизим Тошкент вилоятининг Зангиота туманида синовдан ўтказилмоқда.
Кейинги муҳим масала – истеъмолчиларни кўмир маҳсулоти билан таъминлаш масаласи. Бугунги кунда республикада умумий сиғими 362 минг тонна бўлган 91 та кўмир омбори мавжуд. Улар 84 та электрон автотарози, 126 та махсус техникалар (61 та автоюклагичлар, 56 та юк автомобиллари) билан таъминланган. Шунингдек, омборларда кунлик ишлаб чиқариш қуввати 4,4 минг тонна бўлган 86 та брикет ускуналари ишлатилмоқда.
Режага мувофиқ, жорий йил 1 ноябрига қадар 14 минг 311 та ижтимоий соҳа ташкилотларига 405 минг тонна ҳамда 1 декабрга қадар 2 миллион 700 мингта аҳоли хонадонларига 600 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши белгиланган.
Бугунги кунда ижтимоий соҳага 301 минг 400 тонна, аҳоли истеъмолчиларига эса 197 минг 800 тонна маҳалий кўмир етказиб берилди. Куз-қиш мавсумида кўмир маҳсулотларини истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш мақсадида Ангрен кўмир конида кўмирни саралаш қуввати ойига 75 минг тонна бўлган 3 та конвейер линиялар ишга туширилди.
Ҳозирда ижтимоий соҳа муассасаларига ҳамда республикамизнинг олис, тоғли ва чегара ҳудудларида яшовчи аҳолига жорий йил 1 ноябргача кўмир маҳсулотларини тўлиқ етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати