
Ўзбекистон Республикаси ТИВ расмий сайтида маълум қилинишича, 2019 йил 3 сентябрь куни Белгиянинг етакчи «PB Clermont» компанияси қароргоҳида Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов компаниянинг мудофаа ва фуқаро тармоқлари учун энергетика материаллари ишлаб чиқариш бўйича тижорат директори Галльо Бэйлон билан учрашган.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро сармоядорлар ва тадбиркорларни ўзига қизиқтирадиган мамлакатга айлангани таъкидланди. Таъкидландики, бугунги кунда фойдали қазилмалар ва минерал захираларни ўзлаштириш, нефть-газ ва тоғ-кон саноати соҳасидаги бир қатор йирик лойиҳалар йирик хорижий компанияларга бизнесларини мамлакатимизга ўтказиш имкониятларига катта эътибор қаратишга ундамоқда.
«PB Clermont» компанияси вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Энергетика вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан қалин ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида гап кетар экан, Галлио Бэйлон бу борада «PB Clermont» Ўзбекистон билан технологиялар ишлаб чиқариш ва тақдим этиш, тоғ-кон, энергетика, шунингдек, нефть-газ саноати учун мутахассислар тайёрлаш ва ўқитиш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар компания делегациясининг яқин вақт ичида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида ҳамда мамлакатимизнинг манфаатдор вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказиб, ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари, шу жумладан қўшма корхона ташкил этиш борасида музокаралар ўтказиш юзасидан келишиб олдилар.
