Ўрганиш давомида “Иссиқлик маркази-3” (кейинги сатрда ТЦ-3)да куз-қиш мавсумида табиий газ босимининг пасайиб кетиш ҳолатлари танқидий ўрганилди.
ТЦ-3 Шайхонтохур туманида жойлашган бўлиб, шаҳарнинг d-720 mm айланма юқори босимли газ тармоғига уланган ва асосан Қибрай туманидаги “Шарқий-2” ва Зангиота туманидаги “Жанубий - Ғарбий” газ тақсимлаш станциялари (ГРС) орқали табиий газ билан таъминланади.
ТЦ-3 Шайхонтохур, Олмазор ва Учтепа ҳамда Чилонзор туманларидаги жами 679 та шундан 483 та кўп қаватли уйлар (12 794 та ахоли хонадон), 11 та соғломлаштириш масканлари, 28 та мактабгача таълим муассасалари, 25 та мактаб ва 122 та маъмурият бинолар иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув билан таъминлайди.
Иситиш мавсумида ТЦ-3 қозонхонасига келтирувчи газ тармоғида кириш қисмида табиий газ босими 1,0 - 1,5 кг/см2 бўлганда, газ таъминотида муммолар юзага келмайди. Бироқ, айрим ҳолатларда газ қувурларида босимнинг 0,4 - 0,5 кг/см2 тушиб кетиши натижасида ТЦ-3 истеъмолчиларни меъёрдаги хароратда иссиқлик билан таъминлай олмаган ва ушбу ҳолат истеъмолчилар эътирозларига сабаб бўлган.
Муаммонинг юзага келиш сабаби жойида ўрганилганда қозонхонани табиий газ билан таъминловчи Тошкент шаҳрининг юқори босимли ҳалқаланган газ қувурига йиллар давомида йирик (автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари, иссиқоналар, ғишт, керамик ишлаб чиқариш корхоналари ва х.к.) истеъмолчилар уланиб олинганлиги боис қиш мавсумида қозонхонада газ босимининг кескин пасайиб кетиши кузатилганлиги маълум бўлди.
Вазирлик Штаби томонидан мутасадди ташкилот раҳбарларига уч кун муддатда ТЦ-3 табиий газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш топшириғи белгиланди.
Бунда “Ҳудудгазтаъминот” АЖга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига мувофиқ табиий газни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа муасасаларига етказиб берилишини таъминлаш;
Мавсумий истеъмолчиларни уч кун муддатда тўлиқ табиий газ тармоғидан узиш ва ундан бўшатилган газни аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтириш;
Бир кун муддатда куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган улгуржи истеъмолчиларни (қолипли нон ва нонвойчилик фаолияти билан шуғулланувчилар бундан мустасно) руйхатини шакллантириб, уларни 2020 йил 20 октябрга қадар газ тармоқларидан тўлиқ ажратиб, муқобил ёқилғидан фойдаланишга ўтказиш чораларини кўриш;
Тошкент шаҳрининг юқори босимли халқаланган газ қувурига уланиб олган йирик истеъмолчиларни саноат тармоқларига ўтказиш юзасидан уч кун муддатда ҳар бир истеъмолчини ёзма равишда огоҳлантириш;
Тошкент шаҳрининг юқори босимли халқаланган газ қувурига йирик истеъмолчиларни улаш бўйича “Худудгаз Пойтахт” филиали томонидан берилган Техник шартларни икки кун муддатда тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларнинг меъёрий хужжатларга мослиги бўйича хулоса тайёрлаб, Штабга киритиш;
ТЦ-3 табиий газ таъминотини янада яхшилаш учун янги газ тармоғи қуришни техник имконияти ва иқтисодий самарадорлиги бўйича уч кун муддатда Штабга аниқ таклиф киритиш;
“Ўзнефтгазинспекция”га Вазирлик Штаби томонидан белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини назорат қилиш ва бажарилгин ишлар бўйича кунлик маълумотни Вазирлик Штабига киритиб бориш топшириғи белгиланди.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати