Президентимизнинг 2017 йил 16 сентябрда «Жаҳон банки иштирокида «Магистрал тармоқларнинг кичик станцияларини замонавийлаштириш ва қайта қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3284-сон қарорига мувофиқ Фарғона вилоятидаги «Ўзгариш» подстанциясига қўшимча юқори қувватли автотрансформатор ўрнатиш ишлари муваффақиятли якунланди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали 220–500 кВли 7 та юқори кучланишли подстанциялар ҳамда умумий узунлиги 601 122 километр бўлган 220–500 кВли ҳаво линияларига хизмат кўрсатади.
Бир сўз билан айтганда, филиал ишчи-ходимларининг Энергетика вазирлиги стратегик чора-тадбирлари, Акциядорлик жамияти кўрсатмалари ҳамда филиал раҳбарияти иш режасига мувофиқ барқарор фаолияти, энг аввало, Фарғона водийси аҳолиси, ижтимоий соҳа объектлари, шу билан бирга ўрта ва кичик бизнес вакиллари ҳамда йирик саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилигини кафолатлаш борасида муҳим ўрин эгаллайди.
Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги «Товуш» МФЙ, Янги ҳаёт қишлоғи манзилида жойлашган 220/110/10 кВли «Ўзгариш» подстанциясида «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» инвестиция лойиҳаси доирасида қуввати 250 000 кВАли янги ҳамда замонавий автотрансформаторини 220 кВ, 110 кВ ҳамда 10 кВ кучланишга эга бўлган ячейкалари билан бирга янгидан қуриш ҳисобига АТ-3 — қўшимча юқори қувватли автотрансформаторни ўрнатиш ишлари муваффақиятли якунланди.
Яъни жорий йилнинг 17 октябрь куни қурилиш-монтаж ва созлаш ишлари тўлиқ якунланиб, муҳандислик талабларига мувофиқ тасдиқланган ишга қўйиш дастури мувофиқ, автотрансформатор 72 соат давом этадиган синов режими асосида ишга қўйилди. Бажарилган ишларнинг якунига кўра 220/110/10 кВли «Ўзгариш» подстанциясида электр энергияси қувватини ўтказиш имконияти қўшимча 250 МВА ҳисобига ортди.
Маълумот ўрнида: «Ўзгариш» подстанцияси орқали Қўқон шаҳри ва Қўқон эркин иқтисодий зонаси, шунингдек, вилоятнинг Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара, Бувайда, Учкўприк, Бағдод, Риштон ва Сўх туманларида жойлашган истеъмолчилар учун электр энергияси етказиб берилади.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати