2019 йил 10 сентябр куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4422 сонли қарори ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги каби қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигига эришиш, энергия тежовчи ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар ва аниқ қадамлар кўриб чиқилди.
Жумладан, «Ўзэнергоинспекция» бошқарма бошлиғи Алишер Тўраев ўз маърузасида саноат корхоналарида энергия самарадорлигига эришишнинг истиқболлари ва асосий масалалари хусусида тўхталиб, энергия ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳақида гапирди.
«Ишлаб чиқаришда энергия самарадорлигини ошириш учун биз ҳар бир маҳсулот бирлиги учун сарфланадиган ёқилғи-энергия ресурсларини сезиларли тарзда камайтиришимиз лозим. Бироқ, бунинг учун бир қатор ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш керак бўлади. Мисол учун, агар электр двигателлар 40% га яқин электр энергия сарфлаётган бўлса, уларни алмаштириш керак. Лекин бунинг учун ҳисоб-китоб қилиш керак – нисбатан кучли двигателлар босимга бардош бера оладими», – деди «Ўзэнергоинспекция» бошқармаси бошлиғи Алишер Тўраев.
Унинг таъкидлашича, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектлари биноларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатишга катта эътибор қаратишлари лозим.
«Президент қарорида кўрсатилганидек, биз 3 йил ичида 2,4 млрд кВт электр энергияси, 20 минг. тонна нефть маҳсулотлари ва 2,4 млрд куб метр табиий газни тежашга эришишимиз керак. Бу натижага эришиш учун биринчи навбатда хўжалик ва давлат субъектларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишимиз зарур. Булар қимматбаҳо ускуналар ҳисобланади, бироқ айнан ушбу усул билан биз афсуски, захираси чексиз бўлмаган миллий ёқилғи- энергия ресурсларимизни тежашимиз мумкин», - деди пировардида А.Тўраев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.08.2019 йилдаги № ПҚ–4422 сонил қарорида иқтисодиёт тармоқлари ва маиший соҳа объектларида энергия самарадорлигига эришиш, қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларини кенг жорий этишнинг қатор чора-тадбирлари белгилаб берилган. Улар жумласига – қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилганда имтиёз ва преференциялар тақдим этилиши, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситгичларидан фойдаланиш, шунингдек бино ва иншоотларни лойиҳалаш, таъмирлаш ва қуришда энергия тежовчи лампалардан фойдаланишнинг мажбурийлиги шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати