Жорий йилнинг 24 октябрь куни Энергетика вазирлиги томонидан журналист ва блогерлар учун Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди.
Мазкур йирик инвестиция лойиҳаси Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрда “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини ташкил этиш буйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа мақсади – табиий газни қайта ишлаш қувватларини кенгайтиришни давом этиш, углеводород хомашеси импортини қисқартириш, ички бозорда сифатли ва экологик тоза бўлган ёқилғига мавжуд бўлган талабни қониқтириш, республикамизда мавжуд бўлган ер ости бойликларидан унумли фойдаланиш ва стратегик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш.
Лойиҳанинг иқтисодий таҳлилига кўра, завод ишга туширилиши билан, йилига 1,5 млн. тоннагача нефть маҳсулотлар импорти камайтирилиши режалаштирилмоқда. Завод йилига 1,5 млн. тонна юқори сифатли ва экологик тоза бўлган, мавжуд бўлган барча ҳалқаро стандартларининг талабларига тўлиқ жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаради. Жумладан, 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси, 307,3 минг тонна авиа керосин, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ.
Завод, дунёнинг нефтгаз кимёси соҳасида етакчи ҳисобланадиган Sasol (Жанубий Африка), Haldor Topsoe (Дания) ва Chevron (АҚШ) каби компанияларнинг техологиялари асосида лойиҳалаштирилган. GTL яъни “газдан-суюқликка” технологияси асосида юқори технологик заводалар сони дунё бўйлаб саноқлидир, жумладан Жанубий Африка, Малайзия ва Катар каби давлатларида мавжуд.
Қурилиш майдонида жами 12 мингга яқин қурувчилар, мухандис ва мутахассислар жалб қилинган. Жами 750 дона оғир ва маҳсус қурилиш техникаси сафарбар этилган.
Бугунги кунда умумий лойиҳа бажарилиши жами 91 фоизга етди. Заводнинг детал лойиҳалаш ишлари якунланган. Қурилиш-монтаж ишлари 76,3 фоизга бажарилган бўлиб, бир пайтнинг ўзида заводни ишга тушириш олди ва созлаш ишлари параллел равишда босқичма босқич амалга оширилмоқда.
Шунингдек, 24 октябрь куни пресс-тур давомида заводга электр энергия қабул қилиш маросими бўлиб ўтди ва завод подстанциялари электр энергияси билан таъминланди. Йил якунига қадар заводнинг энергоресурслар билан таъминлаш, яъни сув, буғ, техник ҳаво ишлаб чиқариш технологик ускуналари ишга туширилиши режалаштирилган. Заводни бошқариш марказий пультида бугун тулиқ созлаш ишлари Honeywell компаниясининг мутахассислари билан ҳамкорликда бажарилмоқда. Ушбу марказий бошқарув пульти орқали заводнинг барча техгологик жараёнлари ва ишлаб чиқариш тизими назорат қилинади ва бошқарилади.
GTL заводи 2020 йилнинг яқунига қадар қурилиш-монтаж ишларини якунлайди ва босчиқма-босқич ишга тушириш ишлари ва созлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. GTL маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши 2021 йилда бошланади.
Шунингдек, журналистларга 21 октябрь куни Uzbekistan GTL заводи ишчиларида норозиликлар юзасидан ҳам маълумот берилди. Унда ошхонага кириш ускуналарининг вақтинчалик ишламай қолгани ва ишчилар карантин чоралари сабаб 45 кун объектда қолиб кетишгани сабаб бўлган эди.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун 22 октябрь куни Энергетика вазири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Қашқадарё вилояти ҳокими, “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакилларидан иборат ишчи гуруҳ норозиликда иштирок этган ишчилар билан учрашиб, кўтарилган барча масалалар тўлиқ ўрганилиб, максимал даражада ўз ечимини топишига ва ишчиларнинг кейинги фаолияти ва яшаш тарзидан хабардор бўлиб турилиши назоратга олинган эди.
Бугунги кунда кўтарилган барча масалалар ижобий ҳал этилган бўлиб, 45 кунлик иш муддати 22 кунликка туширилган ва ишчиларнинг барча талаблари тўлиқ қондирилган.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар иш жараёни ҳамда ишчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишдилар.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати