Сўнгги йилларда республикамизнинг иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳасида энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳар бир соҳада давлат сиёсатини юритиш учун қонун, қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд бўлгани каби, Энергетика соҳасини ҳам тартибга солувчи бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилинган.
Мисол учун, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун, “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”, “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Энергиянинг муқобил манбалари, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини яратиш тўғрисида”ги Қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Маълумки, табиий газ ҳам давлатимизга берилган табиат инъоми бўлиб, бугун бор эртага йўқ бўлиши мумкин. Шу сабабли ундан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланиб, келажак авлодларга ҳам етказиш давлат сиёсатини асосий устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, табиий газнинг физик ва кимёвий хусусиятларидан келиб чиқиб, куз-қиш мавсумида транспортировка қилиш жараёнлари бир мунча мураккаблашиши сабабли, ушбу даврларда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш долзарб вазифалардан бирига айланади.
Иссиқхона хўжаликлари фаолиятига келадиган бўлсак, бу ерда “Ўзнефтгазинспекция”нинг функцияси, янги ташкил этилган иссиқхона хўжаликларида энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги, куз-қиш мавсумида аҳоли газ таъминотига таъсир қилмаслиги учун саноат тармоқларига уланганлиги, лойиҳа техник ҳужжатлари ва ўрнатилган газ жиҳозларини амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабига мувофиқлиги ҳамда заҳира ёқилғи хўжалиги билан таъминланганлигини жойига чиқиб кўздан кечиради, бироқ ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмайди. Бу эса текшириш ҳисобланмайди.
Энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, ностандарт қурилмаларга нисбатан ёқилғи энергетика ресурсларини
10-15 фоизгача иқтисод қилади, бу эса тадбиркорга қўшимча фойда дегани.
Заҳира ёқилғиси бўлиши шартлиги ҳам қоида талаблари, қолаверса шартнома шартлари ҳам ҳисобланади. Бу ҳам тадбиркорнинг манфаатини ўйлаб қўйилган талаб. Яъни тадбиркорни огоҳлантириш ҳисобланади. Чунки куз-қиш мавсумида табиий газ таъминотидаги кўзда тутилмаган фавқулотда ҳолатларда тадбиркор ўзининг етиштираётган маҳсулотини сақлаб қолиш учун зудлик билан заҳира ёқилғидан фойдаланишга тайёр туриши лозим.
Белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижаси ўз самарасини бериб келмоқда.
Ўтган даврларда 1 гектар майдонга эга бўлган иссиқхонани иситиш учун ойига ўртача 50 – 60 минг метр куб табиий газ сарфланган бўлса, бугунги кунда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда 35-40 минг метр куб сарфламоқда.
Бундан ташқари, ўрганишлар ва таҳлиллар шуни кўрсатганки, экин тури ва майдони (1 гектар учун), маҳсулот етиштириш технологияси (гидропоника) ҳамда табиий шароити бир хил бўлган ҳудуддаги иссиқҳона хўжалигида мавсум давомида помидор маҳсулотини етиштириш учун умумий сарф ҳаражатлар калькуляциясида табиий газ ва кўмир ёқилғисини улушини ҳисобга олган ҳолда таҳлил этилганида, кўмир ёқилғисида маҳсулот етиштириш табиий газга нисбатан 33 фоизга арзон тушиши ёки мавсум давомида 220 млн қўшимча даромад келтириш имконияти юзага келиши кузатилган.
Бироқ, шиддатли ривожланиш кетаётган бугунги даврда, бутун дунё мамлакатларида табиий газга бўлган муносабат тубдан ўзгарган, яъни ундан тўлиқ хом-ашё сифатида фойдаланишга ўтилган.
Чунки, табиий газни ёқилғи сифатидан фойдаланишдан кўра, хом ашё сифатида фойдаланиб, қиймати юқори бўлган бир мунча маҳсулотлар олиш имконияти яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 ноябрдаги “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4020-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, энергиянинг муқобил манбалари, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини яратиш асосий йўналиш этиб белгиланган.
Лекин, янги ташкил этилаётган аксарият иссиқхоналарда энергиянинг муқобил манбааларидан фойдаланишни хохлашмаяпти.
Табиий газ етказиб берилса пулини хам тўламай, етмагандай табиий газдан ҳам ўғирликча фойдаланишга уринишмоқда.
Вахоланки, табиий газдан фойдаланиш қоидаларида барча талаблар яъни, олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаш, газ ҳисоблаш ускуналарига қўйилган талаб, захира ёқилғи хўжалиги, лойиҳа техник хужжатлари ва технологик асбоб-ускуналарга бўлган талаблар яққол кўрсатиб ўтилган. Шуни ҳам бажармасдан, газ бер деган тадбиркорга нима дейиш мумкин.
Бу кетишда қачон кўзланган мақсадларга етамиз, қачон фармонлар, қарорлар ижроси таъминланади, қачонгача бир турдаги ёқилғидан фойдаланишга қарам бўлиб ўтирамиз. Юқорида айтганимиздек табиий газ бугун бор эртага йўқ бўлиши мумкин.
Шу сабабли ҳурматли Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан Республикамиз келажагини ўйлаб, юритаётган сиёсатларини қўллаб қувватлаган ҳолда бир дамлик билан иш тутишимиз даркор.
Яхшиси қоғоз қорайтиришдан олдин танганинг иккинчи тарафи ҳам борлигини унутмасдан, ёзилаётган маълумотни қанчалик асослилигини соҳага алоқадор мутахассислар билан маслаҳатлашиш, уларнинг фикрини тинглаш мақсадга мувофиқ бўлади.
“Ўзнефтегазинспекция” Матбуот хизмати