Замонавий мажмуа Президентнинг 2015 йил 21 июлдаги «Navoiyazot» АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарори доирасида амалга оширилмоқда.
«Navoiyazot» АЖда модернизация қилинган аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ишга тушириш 2020 йилга режалаштирилган. Объект қурилиши билан бугунги кундаги етакчи компания, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида саноат иншоотлари қурилишига ихтисослашган «Enter Engineering Ltd» компанияси томонидан олиб борилмоқда.
Замонавий энергия тежовчи технологиялар қўлланилган ҳолда қурилиши олиб борилаётган минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи замонавий мажмуа ички бозорда харидоргир маҳсулотга бўлган эҳтиёжни қондириш баробарида, республика ва соҳанинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Мажмуа ишга тушиши билан аммиак ва аммиак селитраси ишлаб чиқариш қарийб икки бараварга кўпаяди. Айни вақтда иссиқлиқ энергия ресурслари истеъмоли бир неча баробарга камаяди. Инновацион технологиялар жаҳон замонавий стандартларига жавоб бериб, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқиш даражасини камайтиришга хизмат қилади.
Шунинг билан бирга, янги ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши беш юзга яқин кишини, асосан маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашга имкон беради. Бу Навоий вилояти ҳудудининг ривожланишига ижобий туртки бўлади.
Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид олиш, улар асосида ишлаб чиқариладиган минерал ўғитлар турларини кенгайтириш имконини беради. Лойиҳани амалга ошириш учун Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries Ltd.» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан "тайёр ҳолда" шарти асосидаги шартнома имзоланган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати
“Enter Engineering Ltd” гуруҳи PR-хизмати билан ҳамкорликда