Электр энергиясининг нархи мақбул бўлиши керак ва шу билан бирга электр энергетика соҳаси бозор иқтисодиёти шароитида ишлашга яқинлашиши даркор. Хўш, жорий йилнинг 26 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган бу вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ ресурслар ҳолати қандай?
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги 2019 йил февраль ойида ташкил топган вақтининг илк кунлариданоқ бутун дунёда қабул қилинган бозор муносабатлари асосида мамлакатимиз ёқилғи-энергетика мажмуасини ривожлантириш масаласига эътибор қаратиб келмоқда.
Пандемия электр энергетикаси, жумладан нархни шакллантириш соҳасида янги саволлар юзага келишига замин яратди. Бир томондан ҳеч ким бозор қоидалари билан боғлиқ жараёнлардан воз кечгани йўқ, бошқа томондан эса мамлакатимиз ички сиёсатининг ижтимоий таркибини ҳисобга олган ҳолда карантин даврида электр энергияси учун қарздорлик юзага келди. Шу тариқа қарздорлик сабаб юзага келган маблағ етишмаслиги, тарифларни музлатиш, яъни нархларни оширмаслик электр энергияси тармоғини жорий ҳолатда ушлаб туришдек вазифани адо этиш йўлидаги муҳим муаммолардандир. Электр энергияси тармоқлари, ИЭС, ГЭСлар асбоб-ускунларанининг жорий ва капитал таъмири, модернизацияси ва бошқа зарур қадамлар мамлакатимизни электр энергияси билан барқарор таъминлашнинг кафолати бўлиб, уларни амалга ошириш учун маблағлар зарур.
Хўш, электр энергия соҳасига давлатимиз раҳбари топшириғига кўра келгуси бир йил ичида нархларни оширмаслик ва кейинги йилларда нархларни шакллантиришда ижтимоий йўналишни ушлаб туриш нималарнинг ҳисобига амалга оширилади?
Бунинг учун зарур бўлган стратегик йўналишлардан бири – бу биринчи навбатда нафақат ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, балки уларни энг мақбул режимда ишлатиш ҳисобига таннархни камайтиришга катта эътибор қаратиш лозим. Электр энергетикаси соҳасида ҳаражатларни қисқартириш учун резервлар мавжуд. Шубҳасиз, уларни аниқлаш ва сафарбар қилиш учун катта саъй-ҳаракатлар ва ўзгаришлар талаб этилади, яъни бунга энг яхши хориж тажрибасини ўрганиш, ўз самарадорлигини исботлаган методикаларни фаол мослаштириш, тармоқ мутахассислари малакасини муттасил ошириш, тармоқни бошқаришда янги ёндашувларни ривожлантиришда давом этиш орқали эришиш мумкин.
Бугунги кунда амалдаги тарифлар билан ички резервлар ҳисобига ҳаражатларни қисқартириш эвазига тармоққа етарли молиявий ресурсларни жалб қилиш имкони мавжуд. Электр энергетикаси корхоналарининг трансформацияси биринчи навбатда уларнинг даромади ортиши ҳаражатларнинг камайтирилиши, бунинг учун мунтазам равишда ресурсларни излаш билан бевосита боғлиқлигини англатади.Электр энергетикаси соҳасида фақат нархларни ошириш ҳисобидан даромадни ошириш стратегияси ўтмишда қолмоқда. Кўп жиҳатдан бу мамлакатимиз иқтисодиётига бозор муносабатларини жорий этиш натижасидир. Ахир бугунги кунда агар электр энергетика соҳасида ҳаражатлар камайтирилмаса, инвестициялар ҳажми оширилмаса, бундан иқтисодиётнинг бошқа секторлари ҳам талофот кўради. Бунга эса мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, чунки бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлиги масаласидир.
Пандемия ўз-ўзидан хорижий бозорларга чиқиш масаласини кўндаланг қўйди. Бундан ташкари, умуман олганда Ўзбекистон маҳсулотини экспорт қилиш билан боғлиқ энг мураккаб масалалардан биридир, чунки бунга мамлакатимизнинг жўғрофий жойлашуви имкон бермайди. Агар биз логистика билан боғлиқ йўқотишларни бошқа манбалар, жумладан нисбатан арзон бўлган энергия ресурслари ҳисобидан қопламасак, маҳаллий, айниқса саноат маҳсулотлари дунё бозорида рақобат қила олмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда қайд этилганидек, электр энергияси корхоналарини трансформация қилиш истиқболда рақобатбардош электр энергияси яратиш йўлидаги муҳим босқич ҳисобланган зарур йўлдир. Электр энергиясига ортиб бораётган эҳтиёжни барқарор таъминлашнинг бошқа йўли йўқ.
Шу билан бирга давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, трансформацияни амалга оширишда электр энергетикаси соҳасини максимал даражада либераллаштириш, яъни бир томондан давлатнинг бозор тамойиллари бўйича ишлашга аралашувини қисқартириш, иккинчи томондан эса кучли ижтимоий ҳимояни қўллаб-қувватлаш сингари муҳим таркибий жиҳатларга эътибор қаратиш лозим.
Дунёнинг илғор тажрибаси исботлаганидек, электр энергетикаси соҳасидаги ҳаражатларни қисқартириш учун мунтазам резервлар излаш, самарали бошқарувни амалга ошириш ва соҳа мутахассисларининг юксак малакаси мазкур тамойилларга риоя қилиш имконини беради. Энергетика вазирлиги мувофиқлаштируви остида мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика комплекси ушбу вазифаларни амалга ошириш билан машғул.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати