Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти мамлакат энергетика соҳасини ислоҳ қилиш жараёнида халқаро молия институтларининг иштирокини муҳокама қилди.
Бўлиб ўтган онлайн мунозара чоғида вазирлик давлат раҳбарининг янги тайинланган маслаҳатчисига Ўзбекистонда энергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш учун Энергетика вазирлигининг халқаро молия институтлари (ХМИ) билан ҳамкорлик кўлами тўғрисида маълумот берди.
2019 йилда Энергетика вазирлиги ҳузурида Электр энергетикасини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилди, унга маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда кўплаб мамлакатларнинг энергетика соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича тажрибага эга бўлган 12 та халқаро маслаҳатчилар жалб қилинди. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг маслаҳатчилари “Электр энергияси тўғрисида” ги қонуннинг янги таҳририда қатнашмоқда, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки мутахассислари рақобатбардош электр энергияси бозорини моделлаштириш устида ишламоқда.
Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, электр энергиясининг рақобатбардош улгуржи бозорига ўтишининг асосий йўли – давлат томонидан қуйидаги шартларнинг бажарилиши ҳисобланади:
- бозорнинг барча иштирокчилари, ҳам давлат, ҳам хусусий компаниялар учун тенг шароитлар яратиш;
- бозор иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларнинг шаффоф онлайн тизимини яратиш;
- ягона электр энергияси тизимига уланиш учун техник регламентларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш – бозорнинг барча иштирокчилари учун “Грид код” (Электр тармоқлари кодекси).
Юқоридаги шарт-шароитларни таъминлаш учун биринчи босқичда мустақил комиссиядан иборат бозор регулятори, шунингдек, электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш бўйича барча битимларни амалга оширадиган онлайн платформали бозор оператори (давлат компанияси)ни яратиш каби чораларни кўриш зарур.
Янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Хусусан, Халқаро молия корпорацияси (ХМК), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда 2025 йилгача 2 ГВт қувватга эга қуёш энергиясини ишлаб чиқарувчи ФЭС ва 1 ГВт қувватга эга шамол электр станцияларини қуриш учун потенциал инвесторларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лойиҳалар давлат-хусусий шериклик механизми ёрдамида амалга оширилади. Ҳозирда ХМИ кўмаги билан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳар бири 200 МВт қувватга эга учта қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг февраль ойида ХМКнинг техник кўмаги билан “Сирдарё вилоятида ДХШ асосида 1200-1500 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун тендер эълон қилинди. Тендер ғолибини аниқлаш 2021 йилнинг биринчи чорагида режалаштирилган.
Жорий йилнинг 4 ноябрь куни ОТБ ва ЕТТБ кўмагида “Талимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги икки дона буғ-газ қурилмаларини қуриш билан кенгайтириш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун тендер эълон қилинди.
Шунингдек, ЖАЙКА (Япония) техник кўмаги билан “Иссиқлик электр стантсиялари” АЖ корхоналарида ХМҲС (Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари) ни жорий этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ХМИ мутахассислари ва маслаҳатчилари кўмагида:
- нефть ва газ соҳасини янада ислоҳ қилиш бўйича амалга ошириш режасини тақдим этган ҳолда тавсиялар тайёрланди;
- “2030 йилгача газ узатиш тизимини ривожлантиришнинг Бош режаси” ишлаб чиқилди;
- тарифларни шакллантириш бўйича халқаро амалиётни жорий этиш юзасидан тавсиялар тайёрланди ва тарифлар бўйича методологияни тайёрлаш хусусида ишлар олиб борилмоқда.
Онлайн музокара чоғида томонлар ушбу соҳанинг бошқа тармоқларга ва умуман мамлакатнинг инвестиция муҳитига таъсирини ҳисобга олган ҳолда ёқилғи-энергетика комплекси соҳасини ислоҳ қилиш муҳимлигини таъкидладилар.
С.Чакрабарти ислоҳотларни амалга ошириш бўйича вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга ижобий таъсирини юқори баҳолади.
2021 йил январь ойида режалаштирилган навбатдаги учрашувда муҳокама қилинадиган тавсияларни ишлаб чиқиш ва таҳлил қилиш учун Президент маслаҳатчисига ислоҳотларнинг бориши юзасидан батафсил маълумот бериш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати