Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги аҳоли таъминотини яхшилаш учун барча, жумладан ижтимоий тармоқлар орқали тушаётган мурожаатларни доимий равишда таҳлил этиб бормоқда.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда аҳолидан газ баллонларини тўлдириб бериш учун йиғиш жараёни акс эттирилган видео тасвирлар пайдо бўлди. Видео тасвир муаллифи мазкур ҳолатга изоҳ бериб, гўё “қариндошлик ҳолатлари”, яъни биринчи навбатда таниш-билишларга газ баллонлари тарқатилиши ана шундай навбатлар юзага келишига сабаб бўлаётгани ҳақида фикр билдирган.
“Газ баллонларини тўлдиришда таниш-билишчиликка йўл қўйилмоқда” деб номланган видео тасвирдаги ҳолатлар қанчалик ҳақиқатга мос келишини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, видео тасвир олинган жойга юборилди.
Аниқланишича, газ баллонларни йиғиш жараёни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги «Қўрғонча» маҳалласида юз берган. Махсус автомобиль ушбу маҳалладаги Қўрғонча кўчасига келган вақтида тасвирга олиш амалга оширилган.
Видео тасвир муаллифи ушбу маҳалланинг бошқа – “Ғаллакор” кўчасида яшовчи шахс бўлиб чиқди. Газ баллонлари “Қўрғонча” кўчаси ахолисидан йиғилаётган бир пайтда, у ўзи яшайдиган кўчага махсус машинанинг келишини кутмасдан, газ баллонларини вақтида йиғиш масаласида мурожаат қилган.
Фуқаро билан бўлган суҳбат жараёнида у оиланинг барча аъзолари ишда бўлишини, шу боисдан газ баллонларини тўлдира олмаётганликларини маълум қилган. Унга агар яна шундай ҳолат такрорланса, бу ҳақда «Ўзтрансгаз» АЖнинг Андижон вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали мутасаддиларига оиладаги шароитдан келиб чиққан ҳолда ёрдам кўрсатиш бўйича бевосита мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.
Қўшимча сифатида айтганда, Марҳамат туманидаги «Қўрғонча» маҳалласи аҳолисига суюлтирилган газ «Ўзтрансгаз» АЖ Андижон газ таъминоти ҳудудий филиалининг Асака ва Марҳамат туманлараро бўлими томонидан етказиб берилмоқда. Етказиб бериш миқдори 438 та суюлтирилган газ уй-истеъмолчисини қамраб олган бўлиб, аҳолига 639 дона маиший газ баллони тарқатилган.
Жадвалга кўра, «Қўрғонча» ва «Ғаллакор» кўчасида яшовчиларга йилнинг иккинчи ярмида суюлтирилган газ 16 июлда, 6 август ва 3-4 сентябрь кунлари етказиб берилган. Бундан ташқари, Қўрғонча маҳалласига йил бошидан ҳозирги даврга қадар 38,5 тонна етказиб бериш режасига биноан, аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бу ерга 42,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Ўзбекистон аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ ҳисоб-китоблар асосида амалга оширилади. Жумладан, 2019 йилда Андижон вилояти аҳолисига 45 226 тонна суюлтирилган газ (ундан 2 506 тоннаси Марҳамат тумани аҳолиси учун мўлжалланган) етказиб бериш режалаштирилган.
Бугунги кунда 32 283 тонна суюлтирилган газ Андижон вилояти аҳолисига (ундан 1795 тоннаси Марҳамат туманига) етказиб берилган. Яна 653 тонна суюлтирилган газ билан аҳоли октябрь-декабрь ойларида таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати