Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши муносабати билан энг муҳим масалалардан бири аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, сўнгги кунларда "зангори ёқилғи"нинг кунлик истеъмоли 46 дан 70 миллион куб метрга ошиши, тармоқлар, газ тақсимлаш ускуналари ҳамда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ таркибий бўлинмаларининг диспетчерлик хизматлари ишидаги юкни сезиларли даражада оширди.
Ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш учун кеча-ю кундуз ишловчи штаб ташкил қилинди, 236 та тезкор авария-таъмирлаш гуруҳлари шай ҳолатга келтирилиб, жойларда юзага келувчи авария ёки техник носозликларни бартараф этиш учун зарур бўлган транспорт воситалари, мутахассислар, асбоб-ускуналар, махсус ишчи кийимлар ва тегишли бутловчи қисмлар билан таъминланди.
Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ марказий диспетчерлик бошқармалари билан алоқа ўрнатилиб, ўз вақтида истеъмолчиларни ёнилғи билан узлуксиз таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари шу йилнинг март ойидан бошланиб, октябрь ойига қадар тўлиқ якунланганлигини маълум қилади. Ушбу давр мобайнида 6949 км узунликдаги газ қувурларининг ички юзасини тозалаш ва сизиб чиқиш йўқлигини текшириш бўйича ишлар олиб борилди, 123,5 км газ тақсимлаш тармоқлари ва 623 та газни тақсимлаш пунктлари (ГРП) таъмирланиб, 80359 таси тўлиқ тафтишдан ўтказилди.
Суюлтирилган газ билан таъминлаш инфратузилмасини такомиллаштириш ва жиҳозлаш, хизмат кўрсатишда олис ҳудудлар қамровини кенгайтириш, транспорт харажатлари ва етказиб беришга сарфланувчи вақтни камайтириш бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида, Фарғона вилоятининг "Сўх", Навоий вилоятининг "Учқудуқ" ва Самарқанд вилоятининг "Қўшрабод" газ қуйиш шохобчалари ва пунктларининг ишга туширилиши натижасида уларнинг сони 46 тадан 50 тага етказилди. Суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи заводларидан ташиб келтириш учун 23 та темир йўл вагонлари сотиб олинди. Қўшимча 36 минг дона маиший газ баллонлари фойдаланиш учун тарқатилди, бу эса 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакат аҳолисини 451,9 минг тоннадан ортиқ миқдорда суюлтирилган газ билан таъминлашга имкон берди ва бу эса мос равишда ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 минг тоннага кўпдир.
Аёзли кунларда истеъмолчиларнинг эҳтиёжини қондириш учун суюлтирилган газнинг кунлик етказиб бериш миқдори 1400 тоннадан 1920 тоннага оширилди (26 минг маиший газ баллонлари қўшимча равишда тўлдирилди).
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ марказий диспетчерлик бошқармаси маълумотларига кўра, газ тақсимлаш тармоқлари объектлари ва асосий ускуналари ҳолати, суюлтирилган газни ташиш ва етказиб бериш, шунингдек, 3,7 миллиондан зиёд табиий ва 3,6 миллионга яқин суюлтирилган газ истеъмолчиларининг кундалик истеъмоли ҳажмини тизимли кузатиш ҳамда назорат қилиш йўлга қўйилган.
Республиканинг айрим маҳалла ва ҳудудларида газ босими билан боғлиқ узилишлар кузатилмоқда ва бу табиий газ истеъмолчиларининг умумий сонига нисбатан 4 фоиздан кўп эмас. Маълумотларни ўз вақтида қабул қилиш ва тегишли авария-тиклаш хизматлари мутахассисларининг жойига чиққан ҳолда, юзага келаётган носозликларни бартараф этиши бўйича механизм яратилди.
Жорий йилнинг 20 ноябрь соат 20:00 га қадар босим билан муаммоларга дуч келаётган маҳалла ва туманларнинг рўйхати 1-иловада.
Энергетика вазирлиги ва "Ўзтрансгаз" АЖ диспетчерлик бошқармалари билан биргаликда газ қувурларида босимни ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш мақсадида, ҳар бир ҳудудда тегишли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъектлар томонидан газ ўғирликларини аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда. Ўтган ой давомида турли хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи виждонсиз тадбиркорлар томонидан газ тармоқларига ноқонуний уланиш бўйича 185 та ҳолат аниқланиб, бу эса ўз навбатида айрим маҳалла, кўча, туман ва шаҳарларда аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлашга ўз салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади. (10 кунлик маълумот).
Республиканинг вилоят, туман, шаҳар ва маҳаллалари кесимидаги ноқонуний уланишлар тўғрисида батафсил маълумот 2-иловада келтирилган.(https://telegra.ph/Tadbirlar-yuzasidan-11-20)
АСКУГ лойиҳаси доирасида бутун мамлакат бўйлаб 515 мингдан зиёд "ақлли" ҳисоблагичлар ўрнатилди ва бу ҳам харажатларни бир меъёрга келтириш ҳамда табиий газдан мақсадсиз фойдаланишларни аниқлаш имконини бермоқда. Хусусан, қатор туманларда якка тартибдаги уй хўжаликлари томонидан паррандачилик хоналарни ва иссиқхоналарни иситиш, яширин оҳак печларини ёқиш ёки ўша манзиллардаги хонадоннинг газлаштириш лойиҳасига киритилмаган қўшимча газ ускуналаридан фойдаланилиши оқибатида табиий газни меъёрдан ортиқ сарфлаш ҳолатлари аниқланган.
Масалан, "Терранова" дастури орқали баъзи абонентларнинг бир ойда 7 минг куб метргача газ истеъмол қилиши аниқланди. Ваҳоланки, ушбу уйларнинг газлаштириш техник лойиҳаларига кўра, бир ойда ўртача истеъмол 1000 куб метрдан ошмаслиги керак эди. Шу каби баъзи, истеъмолчилартомонидан табиий газни ортиқча истеъмол қилиниши натижасида, қўшни хонадонлар, энг яқин маҳаллалар ва умуман туманларда табиий газ таъминотига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, Тошкент, Қибрай, Зангиота, Пскент ва Паркент туманларида шунга ўхшаш қатор ҳолатлар аниқланди.
Тошкент вилоятининг маҳалла ва туманлари кесимида газни меъёрдан ортиқ истеъмол қилганлар тўғрисида батафсил маълумот 3-иловада жойлаштирилган. (https://telegra.ph/Informaciya-po-abonentam-potreblyayushchih-gaz-sverh-normy-11-20).
Мавжуд муаммоларга қарамай, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ учун ҳар бир истеъмолчи муҳим саналади. Шу сабабли, газ таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай мурожаат қатъий назоратда ва газ таъминоти ташкилотлари мутахассисларининг мурожаат жойига тезкорлик билан етиб боришлари орқали ҳал қилинади. "Ҳудудгазтаъминот" АЖга мурожаатлар "колл-марказ"лар, ижтимоий тармоқ ва бошқа электрон каналлар орқали келиб тушмоқда. Шу билан бирга, ушбу мурожаатларнинг айримлари газ таъминоти ташкилотлари томонидан ўз вақтида жавоб бериш учун етарли маълумотларни ўз ичига олмайди. Жумладан мурожаатчининг ёки муаммо юзага келган ҳудуд аниқ манзили, жойлашган ҳудуд, қайта алоқага чиқиш учун маълумотлар одатда кўрсатилмай қолмоқда. Натижада, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан муаммони бартарф этиш учун бу каби тўлиқ бўлмаган мурожаат юзасидан барча ҳолатларни аниқлаб, зарур маълумотларни йиғишига қўшимча вақт ва воситалар сарфланмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, “Ҳудгазгазтаъминот” АЖ тизимидаги диспетчерлик хизматлари томонидан авария-таъмирлаш гуруҳларни тезкор равишда носозликлар юзага келган жойларга юборилиши учун истеъмолчилардан 1104, 71 200 08 04, 71 202 11 04 телефон рақамлари ҳамда "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари", "ТЧСЖ и как с ним жить" ва "Коммуналка" жамоат гуруҳлари орқали қилган мурожаатларида аниқ маълумотларни тақдим этишларини сўрайди. Ҳудуддий газ таъминоти ташкилотларининг алоқа маълумотлари рўйхати 4-иловада (https://t.me/AO_Hududgaztaminot/68).
"Ҳудудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати