Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазири ва тизим таркибидаги ташкилотлар раҳбарлари иштирокида “Куз-қиш мавсумида юзага келаётган муаммоли масалалар” таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган куни жами 214 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 миллион киловатт-соатга ёки 17 фоизга кўпни ташкил қилмоқда.
Ўтган суткада республика истеъмолчиларига жами 104 миллион 219 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 миллион 686 минг кубга кўпдир.
Газ босимини нормал даражада ушлаб туриш учун АНГКС ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлмаган объектларга газ етказиб бериш ҳажмларини оптималлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, водий вилоятлари ҳамда Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги газ тақсимлаш станциялари ва пунктларида қўшимча режим-созлаш ишлари бажарилмоқда. Бу жойларда газ босимини етарли даражада созлаш имконини беради.
Шунингдек, аҳоли истеъмолчиларига ноябрь ойининг 24 кунида жами 37 минг 81 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу ўтган йилга нисбатан 6 минг 401 тоннага кўп.
Бугунги кунда республикада мавжуд бўлган 80 та газ тўлдириш шохобчалари ва 824 та махсус газ баллон автотранспорт воситалари штат режимида ишламоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ноябрь-декабрь ойларида Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари аҳолиси яна 42 минг 75 дона баллон билан таъминланади.
Яна бир муҳим масала – жорий йилнинг 24 ноябрь куни республика аҳолисига жами 10 минг 693 тонна кўмир 155 та темир йўл вагонларида Ангрен кўмир конидан юклаб юборилди. Бу қайтадан тасдиқланган янги графикларга нисбатан 3 143 тоннага кўп.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига – 621 тонна (9 та вагон), Андижон вилоятига – 3 174 тонна (46 та вагон), Наманган вилоятига – 1 935 тонна (28 та вагон), Фарғона вилоятига – 2 134 тонна (31 та вагон), Хоразм вилоятига – 2 139 тонна (31 та вагон), Самарқанд вилоятига – 276 тонна (4 та вагон), Сирдарё вилоятига – 138 тонна (2 та вагон), Қашқадарё вилоятига – 276 тонна (4 та вагон) кўмир юкланган бўлиб, 3-5 кун ичида ҳудудлардаги омборларга етиб боради.
Тезкор гуруҳ томонидан ҳудудлардаги омборларда кўмир маҳсулотлари захираси ўрганиб чиқилиб, биринчи навбатда кўмир ортилиши керак бўлган ҳудудлар белгилаб олиниб, ушбу ҳудудлар учун биринчи навбатда кўмир маҳсулотини темир йўл вагонларига юкланиши таъминланмоқда.
Анжуман жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича маълумотлар берилди.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати