Ҳурматли истеъмолчилар!
Куз-қиш даврида, айниқса, шу кунларда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши даврида биз учун асосий вазифа – бу хонадонингиз, шунингдек, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар каби барчамиз учун ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектларда иссиқлик ва ёруғлик бўлиши учун зарур бўлган барча чораларни кўриш ҳисобланади.
Шуни ишонтириб айтамизки, электр таъминотидаги узилишлар ёки газ таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида тўлиқ хабардормиз ва бу вазиятдан қаттиқ хавотирдамиз. Ана шундай вазиятларда таъмирлаш гуруҳлари ҳамда жалб қилинган мутахассислар зудлик билан юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишларни олиб бормоқдалар. Вазиятни тўлиқ мониторинг қилиб, доимий равишда назоратга олиб бормоқдамиз.
Кузнинг биринчи ойидан бошлаб Энергетика вазирлигининг махсус штаби мутахассислари томонидан мавсумга олдиндан тайёргарлик кўрилаётгани боис мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида энергия таъминоти билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Аммо, бир нарсани тушунишимиз керакки, мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларининг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият ютирган. Уларнинг жисмонан ва маънан эскирганлиги туфайли энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келмоқда. Бу эса электр станцияларининг айрим энергия блоклари фаолиятида узилишлар юз беради. Шу сабабли, электр узилишларини минималлаштириш усулларидан бири бу энергия тизимини, шу жумладан иссиқлик электр станцияларини модернизация қилишдир. Энергетика вазирлиги ушбу йўналишда доимий иш олиб бормоқда. Лекин, бир кеча-кундузда эскирган тизимни тартибга солиш мумкин эмас, бунинг учун вақт ва маблағларни қайта тақсимлаш керак бўлади.
Аҳоли сонининг кўпайиши ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти билан боғлиқ бўлган энергия талабининг доимий равишда ўсиб боришини кузатмоқдамиз. Бу ҳаммамиз учун жуда яхши янгилик, чунки бу Сиз, аҳоли, кўпроқ иқтисодий имкониятларга эга эканлигингизни англатади. Биз, энергетиклар, бу нафақат энергия тизимини модернизация қилиш, балки электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги электр станцияларини қуриш, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланган лойиҳаларни амалга ошириш устида ишлашимиз лозимлигини англатади. Чунки бизнинг устувор вазифамиз аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш ҳисобланади.
Ўзбекистонда мавжуд электр станцияларининг қуввати аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини ва мамлакат иқтисодиётини, шу жумладан куз-қиш даврида тўла қондиришга имкон беради. Мамлакатдаги электр энергиясининг асосий қисми газни иссиқлик манбаи сифатида ишлатадиган иссиқлик электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилади. Шунинг учун совуқ мавсумда газ биринчи навбатда электр станцияларига, шунингдек аҳолига етказиб берилади. Бироқ, истеъмолнинг энг юқори юклама (пик) пайтида, айниқса совуқ мавсумда, электр энергиясини истеъмол қилишнинг кескин ўсиши сабабли, тизимнинг қисқа муддатли узилишлари мавжуд. Одатда мазкур юзага келган ноқулайликлар мутахассисларимиз томонидан 2 соатдан 5 соатгача бўлган вақтда бартараф этилади.
Яна бир бор ишонтириб айтамизки, биз қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларнинг олдини олиш учун зарур бўлган барча чораларни кўрамиз.
Ҳурматли истеъмолчилар, тушунганингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдириз ва ишонамизки, яқин кунларда барчамиз Ватанимиз фаровонлиги йўлида қилаётган улкан меҳнатимиз самараларини ҳис қиламиз.