Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 1 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, кеча, 1 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 224 миллион 400 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 215 миллион 800 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, 1 декабрь куни ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан ҳудудий истеъмолчиларга жами 94 миллион 576 минг метр куб табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 102 миллион 456 минг метр куб табиий газ етказиб берилди. Шунингдек, республика истеъмолчиларига жами 1 минг 731 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 1 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 9 минг 661 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.
Навбатчилик давомида электр энергияси таъминоти бўйича Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидан келиб тушган мурожаатлар ҳудудлардаги масъул мутахассисларга етказилди. Юзага келган муаммолар тегишли хизматларни жалб қилган ҳолда тезкор равишда ижобий ҳал этилди. Шунингдек, Бухоро вилоятининг Жондор туманида юқори босимли газ қувуридан газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланган. Ушбу носозликни бартараф этиш учун тумандаги 29 та маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисида соат 13:00 дан 17:00 га қадар табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Носозлик бартараф этилгач, соат 17:00 дан бошлаб хонадонларга табиий газ етказиб берилиши қайта тикланган.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.