Ўзбекистон ўн йил давомида умумий қуввати 5000 МВт бўлган фотоэлектрик (қуёш) электр станцияларини (ҚЭС) қуришни режалаштирмоқда.
Шу мақсадда Энергетика вазирлиги томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан бажариладиган бундай лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун сармоядорларни тендер асосида танлаб олиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
2021 йил охирига қадар Ўзбекистонда ҳар бири 100 МВт қувватга эга иккита ҚЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Мазкур йўналишда вазирлик Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (ХМК) иштирокида давлат-хусусий шериклик дастури асосида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича «Scaling solar» лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. ХМК қуёш энергияси соҳасидаги лойиҳаларни танлаш ва тендер ўтказишда ёрдам бериш бўйича етакчи маслаҳатчи ташкилот сифатида жалб этилган.
2019 йил ХМК кўмагида Ўзбекистонда халқаро тендер танловларнинг биринчи босқичи ташкил этилиб, унинг натижалари 4 октябр куни эълон қилинган. Тендер Навоий вилоятида 100 МВт қувватли биринчи ҚЭС қуриш мақсадида ўтказилган.
- Халқаро танловнинг дастлабки босқичида Ҳиндистон, Испания, Хитой, Норвегия, БАА, Россия, Саудия Арабистони, Франция, Жанубий Африка Республикаси, Жанубий Корея ва Япониядан 23 та компания иштирок этди, шулардан 11 та компания дастлабки саралаш танловидан ўтди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида генерацияни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Абдуллажон Отабоев. - Тижорат таклифлари «Acwa Power» (Саудия Арабистони), «Jinko Power» ва «Aljoimah Energy & Water Consortium» (ХХР/ Саудия Арабистони), «Masdar» (БАА), «TBEA Xinjianing Sunoasis Co Ltd» (ХХР) ва «Total Eren» (Франция) компаниялари томонидан тақдим этилган эди.
Тендер комиссияси иштирокчиларнинг техник ва тижорат таклифларини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, БААнинг «Masdar» компаниясини танловнинг биринчи босқичи ғолиби деб эълон қилди. Мазкур компания тариф бўйича 1 кВт/соат ишлаб чиқарилган электр энергиясини 2,679 АҚШ центига баҳолаган.
Мазкур лойиҳани молиялаштириш Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 5,1 миллион долларгача миқдордаги кафолати ҳамда ХМКнинг 41 миллион долларгача миқдорлаги займ маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги биринчи кафолатли операцияси бўлади.
«Masdar» - Абу-Даби ҳукуматининг «Mubadala Investment Company» компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. У қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи халқаро компаниялардан биридир.
Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели 4000 МВтдан ортиқ ҳажмда қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувватларни ўз ичига олган.
Шунингдек, «Masdar» компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга оширади.
Янги объектни қуриш ишларини 2021 йил охиригача бошлаш кўзда тутилган. 2023 йил апрель ойида ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи (250 МВтгача) ва 2024 йил охирига қадар барча қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
“Дунё” АА