Ўзбекистон 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия (ҚТЭ) манбалари улушини 25 фоизгача оширишни режалаштирмоқда.
Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улуши 10 фоизгача ташкил этади, қолган 90 фоизи анъанавий манбалардан ишлаб чиқарилмоқда.
Республикада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг янги йўналишларини жорий қилиш мақсадига эришиш учун қайта тикланадиган манбаларнинг шамол ва қуёш энергияси каби устувор турларидан фойдаланиш имкониятини берадиган технологияларни ўзлаштириш ва уларни амалиётда қўллаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шамол энергетикаси бўйича етакчи мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон географик жойлашуви ва иқлим шароити боис ушбу йўналишда улкан салоҳиятга эга.
Ўзбекистон ҚТЭ йўналишини изчил ривожлантириш мақсадида шамол генераторларини бунёд этиш ва улардан фойдаланиш бўйича рақобатбардош шартларни таклиф қилаётган йирик компаниялар билан музокаралар олиб бормоқда.
Хусусан, 2020 йил 8 июнь куни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси ўртасида инвестициявий шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра, Амирликлар компанияси Навоий вилоятида шамол электр станциясини (ШЭС) лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва фойдаланишни таъминлайди.
Бу «Masdar» томонидан республикамизда амалга оширилаётган иккинчи йирик лойиҳадир. Ўтган йил октябрь ойида компания давлат-хусусий шериклик асосида Навоий вилоятида 100 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиққан эди. Мазкур лойиҳа бўйича тегишли келишувлар 2020 йил январь ойида имзоланган.
Энергетика вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда шамол электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш 600 миллион доллардан ортиқ миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда 1 минг 300 та янги иш ўрнини яратиш имкониятини беришини таъкидламоқда.
Электростанциянинг фойдаланишга топширилиши йилига 1,8 гВт /соат миқдорида арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига республиканинг энергетика балансини диверсификация қилиш ва мустаҳкамлашга имкон беради. Бу 500 мингдан зиёд уй хўжалигининг эҳтиёжини қоплайди деганидир.
Замонавий ҚТЭ технологияларини жорий этиш электр энергиясини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий газ ҳажмини йилига 175 миллион кубометргача камайтириш имкониятини тақдим этади. Бу, шунингдек, тежаб қолинган энергия ресурслари бошқа эҳтиёжларга йўналтирилади, атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндилари сезиларли даражада (йилига 1,1 миллион тонна) камайтирилади, дегани ҳамдир.
Янги объектни қуриш ишларини 2021 йил охирига қадар бошлаш кўзда тутилмоқда. 2023 йил апрель ойида ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи (250 МВтгача) ва 2024 йил охирига қадар барча қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Жорий йил сентябрь ойида «Masdar» компанияси Томди тумани минтақасида шамол салоҳиятини ўрганиш учун тўртта метеорологик устун ўрнатди. Бу Навоий вилоятида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг навбатдаги босқичи бўлди.
Келажакдаги шамол электр станциясининг қурилиш майдонида шамол салоҳиятини ўрганиш натижалари лойиҳанинг техник-иқтисодий ва молиявий асослаш ишларини якунлашга имкон беради. Бу, ўз навбатида, халқаро молия институтлари билан кредит шартномалари тузиш учун асос бўлади.
«Masdar» — Абу-Даби ҳукуматининг «Mubadala Investment Company» компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади. У қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи халқаро компаниялардан бири.
Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели 4000 МВтдан ортиқ ҳажмда қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувватларни ўз ичига олган.
«Дунё» АА