АОКАда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот котиби Фахриддин Нуралиев иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифинг нутқи:
Ассалому алайкум ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари!
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан "2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш ишлари юзасидан маълумот бериб ўтаман.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига асосан электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташкил этилди.
2020 йил 1 декабрь ҳолатига, Жамият тасарруфидаги 14 та ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда 230 та туман ва шаҳар электр таъминоти корхонаси томонидан 35-110 кВ кучланишга эга 1 623 та нимстанция, 82 591 та трансформатор пункти ва 252,2 минг км узунликдаги электр узатиш тармоқлари орқали Ўзбекистон Республикасининг маиший ва юридик истеъмолчиларига электр энергияси етказиб берилди.
2020 йил бошидан 1 декабргача бўлган муддатда истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш кўрсаткичи 45 млрд кВт∙соатни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 октябрдаги Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг 11 та туманлари кесимида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали турар жой фондини 2020-2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарорга асосан Жамиятнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан 23 156,9 км узунликдаги электр узатиш тармоқларида 7 754 дона трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш 47 527,2 км узунликдаги электр узатиш тармоқларида ва 15 935 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари корхоналари” АЖларда куз-қиш мавсумида эҳтимолий авариявий ходисларни бартарф этиш мақсадида авариявий захира қилиб, қуввати 100-250 кВА 395 дона тармоқ трансформаторлари, 152 тонна трансформатор мойи, 1254 дона темир бетон таянчлар, 187 км узунликдаги сим , 39 км кабель маҳсулотлари, 727 дона кабел муфталар захираси яратилган.
Юзага келган аварияларни бартараф этиш мақсадида 478 та тезкор таъмирловчи бригадалар ташкил этилган. Барча бригада аъзолари алоқа воситаси ва 391 та махсус автотехникалар билан таъминланган.
Шу билан бир қаторда, 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоғи ва аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида, жамиятнинг 2020 йил 4 ноярбрда 158–сонли буйруғига асосан, 2020 йил 6 ноябрдан 2021 йил 1 апрелига қадар раҳбар ва маъсул ходимлардан иборат туну-кун навбатчилик ташкил этилди.
Хабарингиз бор, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги 3981-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 594-сонли қарорларига асосан, АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига республика бўйича жами 4 миллион 972 минг 294 нафар ёки 67 фоиз истеъмолчиларга ушбу тизим талабларига мос келувчи ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ушбу ҳисоблагич ўрнатилган истеъмолчиларнинг қарийб 2,6 миллиони нафари ёки 51 фоизи биллинг тизимига уланди.
Шу ўринда истеъмолчиларга мазкур тизимни жорий этишдан асосий мақсад нима деган саволга жавоб берсам?
Биринчи навбатда электр энергияси истеъмолчиларига АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад, истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларининг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида модернизация ишларини амалга ошириб бориш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувларини, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини олди олинишига эришилади.
Амалга оширилган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, аксарият истеъмолчиларимиз оҳирги ўчириш чорасини кўрилмагунига қадар фойдаланган электр энергияси учун тўловларни амалга оширмайдилар.
Фойдаланган электр энергияси учун 1 йилдан ортиқ давр мобайнида тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар сони 903 305 нафарни ташкил этиб, шундан қарздорлиги мавжудлари 573 655 нафарни, ҳаттоки 3 йилдан ортиқ давр мобайнида тўлов амалга оширмаган истеъмолчилар сони 361 185 нафарни, шундан қарздорлари 283 489 нафарни нафарни ташкил этмоқда.
3 йилдан буён умуман тўловларни амалга оширмаган қарздор истеъмолчилар, Самарқанд вилоятида 46 158 нафарни, Тошкент вилоятида 45 685 нафарни, Фарғона вилоятида 28 770 нафарни ва Андижон вилоятида 26 867 нафарни ташкил этаётганлигини таъкидлашимиз лозим.
Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг қарздорликлари бўйича ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кун ҳолатига қарздорлиги юқори бўлган яъни 1 млн.сўмдан 3 млн.сўмгача бўлган қарздор аҳоли истеъмолчиларлар сони 157 839 нафарни, 3 млн.сўмдан 5 млн.сўмгача 14 890 нафарни ва 10 млн.сўмдан юқориси 5 199 нафарни ташкил этмоқда.
Қарздорликларни юқори миқдорларда сақланиб қолиниши соҳага ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.
Энда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ижтимоий тармоқлар ҳамда ишонч рақамларига истеъмолчилардан келиб тушаётган саволларга жавоб бериб ўтсам.
Савол: – Янги ўрнатилаётган ҳисоблагичлар кўп ҳисоблайдими? Ҳатто «чироқ ўчган» пайтларида ҳам ҳисоблагич ишлайвераётгани айтилмоқда. Бу қанчалик тўғри?
– Янги, замонавий ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилаётган заводларда ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида, бир нечта босқичли кўриклардан ўтказилади. Яъни давлат метрологик кўрсаткичлари талабига жавоб бермаса, яроқсиз деб топилади ва фойдаланишга чиқарилмайди.
Бу ҳисоблагичлар кўп ҳисобламайди, балки аввалги ҳисоблагичлар кам ҳисоблагани учун ва бу ҳисоблагичлар аниқлик синфи юқори бўлганлиги учун фуқароларимиз назарида шундай тушунча пайдо бўлган. Электр таъминоти бўлмаганда ҳам тизим билан алоқа мавжудлигини билдирувчи чироғи ўчиб ёниши ва хотира батарейкаси борлиги сабабли рақамларни кўрсатиб туриши туфайли ишлайверади, деган фикр туғилган.
– Истеъмолчи ҳисоблагични алмаштиришга мажбурми, алмаштиришни хоҳламаса қандай чора кўрилади?
– Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорига мувофиқ ҳисоблагични алмаштириш мажбурий ҳисобланади. Кимдир хоҳламаса, тармоқдан узилади.
– Ҳисоблагич алмаштириш бепулми? Ҳар неча йилда бу ҳисоблагичлар даврий қиёсловдан ўтқазилади?
– Ҳисоблагич, алмаштириш хизмат ҳақи, тамғалаш, хужжатларни расмийлаштириш текин, лекин ҳисоблагичгача бўлган яроқсиз симни янги сим олиб бериш ва янгисига алмаштириш, яроқсиз автомат/рубилникни сотиб олиш ва алмаштириш ва бошқа қўшимча электр иш хизматлари бундан мустасно.
Ўрнатилаётган ҳисоблагичлар ҳар 10 йилда бир маротаба даврий қиёсловдан ҲЭТК томонидан ўтказилади
Шу ўринда айтмоқчиманки, электр энергетика соҳасида қиёслов ўз вақтида ўтқазилмагани учун ҳеч қандай жарима йўқ, истеъмолчиларга ҳеч қандай таъсир чоралар кўрилмайди, балки ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёсловдан ўтқазиш ҲЭТК мажбуриятига киради. Шунинг учун фуқаролар умуман безовта бўлмаса бўлади.
– Маълум муддат олдин «ақлли ҳисоблагичлар» сутканинг турли вақтларида турлича тариф бўйича ҳисоблаши эълон қилинганди. Бу тизим йўлга қўйилдими?
– Табақалаштирилган тизим деб аталувчи бу тизим эълон қилинганди, аммо ҳали йўлга қўйилмади. Янги ҳисоблагичларимизда сутканинг тўрт вақтида турли тарифлар қўллаш имконияти бор. Тизимни ишга тушириш учун ҳали қилинадиган ишлар бор. Лекин айрим юридик шахсларга – 750кВА дан юқори қувватли юридик истеъмолчиларга нисбатан бундай ҳисоблаш амал қилмоқда.
– Автоматлаштирилган тизимга уланган истеъмолчиларнинг шахсий кабинетида бошқа кўрсатич, жойида бошқа кўрсаткич кузатилишига қандай изоҳ берасиз?
– Фуқаролар томонидан «нега уйимда кўрсаткич 100, дастурда эса 120?» деганга ўхшаш ҳолатлар бўйича кўплаб мурожаатлар кузатилади. Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорининг 108-бандига мувофиқ, олдинги давр учун амалдаги электр энергияси истеъмолининг ҳажми (дастурда энг охирги 2та кўрсаткичлардан ҳосил бўлган ўртача кунлик сарф) бўйича ҳисоб-китоб олиб борилади, яъни истеъмолчилар шахсий кабинетга эътибор бериб назар ташланса, «тахминий кўрсаткич» деб кўрсатилади.
Ушбу тахминий кўрсаткичдан ҳосил бўлган қарздорлик бўйича истеъмолчи тармоқдан ажратилмайди, балки ҳақиқий кўрсаткич олиниб қарздорлик ҳосил бўлгандагина тармоқдан ажратилади.
Шу сабабли фуқаролардан ушбу ҳолатга жиддий эътибор қаратмасликларини, балки бу тахминий истеъмол энергетика корхонасида айрим ҳисоботлар учун қўлланилишда фойдаланишимизни билдираман.
Савол: Автоматлаштирилган тизим орқали истеъмолчи қарздорлик сабаб узилгандан сўнг, қарздорлик бартараф этилган автоматик тарзда тармоққа қайта уланади дейилди. Аммо бир нечта истеъмолчилар қарздорлик тўлангач суткалаб чироқ ёқилмаганлиги айтилмоқда? Буни қандай изоҳлаш мумкин.
Жавоб: Бугунги кунда, АСКУЭ тизими жорий этилиш жараёнида бўлиб, истеъмолчилар томонидан мавжуд қарздорлик тўлиқ бартараф этилиши билан бирга, фойдаланадиган электр энергияси учун олдиндан тўлов амалга ошириши лозим. Истеъмолчиларни тармоққа автоматик равишда қайта улаш 5 дақиқадан 15 дақиқагача амалга оширилади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан "2020-2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда Электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимини (АСКУЭ) жорий этиш ишлари юзасидан маълумотлар шулардан иборат эди.
Эътиборингиз учун раҳмат!