Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 5 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 5 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 219 миллион 100 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 212 миллион 800 минг киловатт соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, 5 декабрь куни ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами 94 миллион 696 минг куб метр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 105 миллион 158 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шунингдек, республика истеъмолчиларига жами 1 минг 979 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 5 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 15 минг 052 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмади. Сирдарё вилоятида 1 та маҳалла фуқаролар йиғинида 120 та аҳоли истеъмолчиларини, Тошкент шаҳрида Учтепа тумани 1 та маҳалла фуқаролар йиғинида 310 та аҳоли истеъмолчиларини, Юнусобод тумани 1 та маҳалла фуқаролар йиғинида 470 та аҳоли истеъмолчиларининг электр энергияси таъминоти узилган. Жойлардаги авариявий бригадалар томонидан камчиликлар бартараф этилиб, истеъмолчилар электр тармоқларига уланган. Ҳудудлардаги масъул мутахассислар томонидан 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган ва бу орқали барча иш жараёнлари назоратга олинган.
“Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиалидан олинган маълумотга асосан 2020 йил 05 декабрь куни соат 04:15 ларда “Сайҳун” ГТСдан Сайҳунобод туманига йўналтирилган Д-159мм юқори босимли газ қувурининг дала майдонини шудгор қилаётган трактор ер ҳайдаш мосламаси (плуг) билан уриб юбориши натижасида авария ҳолати юз берган. Ушбу авария ҳолати сабабли “Сайҳун” ГТСдан табиий газ таъминоти тўхтатилиб, туманнинг Тўрон, Синтоб, Дўстлик ва туман марказидаги жами 2700та хонадон табиий газ таъминотидан узилди. Авария ҳолатини бартараф этиш ишлари якунланиб, барча истеъмолчиларга газ таъминоти қайта тикланди.
2020 йил 5 декабрь куни эрталаб соат 03:40 да “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали марказий диспетчерлик хизмати бўлимига “Жондортумангаз” газ таъминоти бўлими авария диспетчерлик хизмати томонидан Жондор тумани истеъмолчиларида газ таъминоти ўчганлиги тўғрисида маълум қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра “Жондор-1” ГТСнинг босим созлагичда (регулятор) носозлик, яъни ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида музлаши оқтибатида газ таъминоти тўхтаб қолганлиги аниқланган (15 415 та хонадон ва 52 та ижтимоий соҳа объектлари). Авария ҳолатини бартараф этиш ишлари якунланди ва барча истеъмолчиларга газ таъминоти қайта тикланди.
“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалидан олинган маълумотга асосан Қўшработ тумани аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи Д-273 мм юқори босимли газ қувурида ҳавонинг совуши натижасида Заркент, Бозоржой, Булоқбоши, Куролос ва Мустақиллик МФЙларига йўналтирилган газ тармоғи компенсатор тирсакда (отвод) газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатни бартараф этиш мақсадида 2020 йил 5 декабрь куни соат 16:00 дан 17:00 га қадар Заркент, Бозоржой, Булоқбоши, Куролос ва Мустақиллик МФЙлари истеъмолчиларига (1 290 та хонадон) вақтинча табиий газ етказиб бериш тўхтилганлиги маълум қилинди. Ҳозирда авария ҳолати тўлиқ бартараф этилиб, аҳоли хонадонларида газ таъминоти қайта тикланди.
2020 йил 5 декабрь куни соат тахминан 16:30 да Тошкент шаҳри Шайхонтохур тумани Жарариқ кўчасидаги Д-89 мм ўрта босимли газ қувурини автомашина уриб юбориш натижасида 70 та хонадонга газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилган. Вокеа жойида аварияни бартараф этиш бригадаси ишламокда.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишингизни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.