Замонавий Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида ҳам кенг кўламли изчил ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектр станцияларни қуриш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари юқори суръатларда амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш, ушбу жараёнга истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш ҳамда режали тартибда ўзлаштириш, янги гидроэнергетик объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.
Сўнгги уч йил мобайнида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Соҳада янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш борасида 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар асосида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.
Юртимизда гидроэнергетика соғасини ривожлантириш учун табиий шароитларга эга ҳудудлар кўп. Бу имкониятдан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда, қайта тикланувчи электр энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2020 йилда ишлаб чиқариш қуввати 325,5 МВт, умумий қиймати 3 616,1 млрд. сўмлик 23 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, Франция тараққиёт агентлиги, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳамда Жамиятнинг ўз маблағи ҳисобидан 11 та истиқболли лойиҳа асосида янги ГЭСларни қуриш ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Тасдиқланган инвестиция дастури доирасида 2021 йилда 16 та, 2022 йилда 15 та, 2023 йилда 18 та лойиҳанинг ишга туширилиши режалаштирилган.
2020 йил якунида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ янги қурилиш ва модернизация қилиш бўйича 6 та лойиҳани фойдаланишга топширишни режалаштирган. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этади. Бу эса, қўшимча 543 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига замин яратади.
Истиқболли лойиҳалардан бири Cурхондарё вилояти Сариосиё туманида янгидан барпо этилаётган Зарчоб-1 кичик ГЭСдир. Бу объектдаги қурилиш ишлари 2017 йилнинг август ойида бошланган эди. ГЭС учун зарурий технологик қурилмалар, асбоб-ускуналар Хитойнинг ушбу йўналишдаги етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан етказиб берилди. Бу ерда 2 та гидроагрегат ўрнатиш белгиланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 37,4 МВтни ташкил этади.
Ҳозирги кунда мазкур ГЭСда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, созлаш ва синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. ГЭСни жорий йил декабр ойининг иккинчи ярмида ишга тушириш режалаштирилган.
Сурхондарё вилоятида фойдаланиладиган сув ресурсларининг умумий ҳажми йилига 4270 млрд. метр кубни ташкил қилади. Бунда асосий кўрсаткичлар Амударё, Сурхондарё дарёлари ҳамда Тўпаланг сув омбори ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги 2952-сонли Қарорига мувофиқ, 2019 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан Тўполанг сув омборида олиб борилган қурилиш ишлари ўз муддатида муваффақиятли қуриб битказилди. Шу ўринда, сув омбори 500 млн. м3 сиғимдаги сувни тўплаш имкониятига эга. Сув омбори тўғонининг узунлиги 187 метрни ташкил этади. Сув омбори қурилиши босқичма-босқич амалга оширилди.
Сув омборида тўпланадиган сув Сурхондарё вилоятининг 103 минг гектардан ошиқ ер майдонини суғориш имкониятини яхшилайди. Бу ерда сув омборлари ва ГЭСлар ҳолатини мониторинг қилишга ихтисослашган техник тизимларни назорат қилувчи диспетчерлик-назорат пункти ташкил этилган. Мазкур пункт сув омбори тўғони мустаҳкамлигини доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш вазифасини бажаради.
Яна бир йирик модернизация лойиҳаси сифатида “Тўполанг” ГЭСда олиб борилаётган модернизация ишларини кўрсатиш мумкин. Ҳозирги кунда, ушбу ГЭСда модернизация ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. ГЭСни модернизация қилиш ишлари халқаро ҳамкорлик доирасида Россия Федерациясининг “Силовые машины” ОАЖ компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Мазкур компания гидроэнергетика асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.
Тўполанг ГЭС Тўполанг дарёсининг сўл тарафидаги Тўполанг гидроузелининг ҳудудида жойлашган бўлиб, шимолдан тўғон, шарқдан тоғ қоялари ва жанубдан Тўполанг дарёси ҳамда ғарбдан ГЭС канали билан чегараланган. Станция майдони 8,88 га ни ташкил этади. Ҳозирги кунда, ҳар бирининг қуввати 15 МВт бўлган 2 та гидроагрегат 30 МВт гача электр энергия ишлаб чиқармоқда. Лойиҳа бўйича ўртача йиллик ишлаб чиқариш 63,3 млн. кВт.соатни ташкил қилади.
Модернизация ишлари якунида ГЭСнинг умумий қуввати 127 МВтга етказилади. Ҳозирги кунда ГЭСда 30 МВт қувватга тенг иккита агрегат ишлаб турибди.
Шу тарзда, қурилиш ва модернизация ишлари якунига етказилганидан сўнг, Сурхондарё вилоятидаги гидроэнергетик қувватлар, яъни экологик жиҳатдан тоза электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 233 МВтга етказилади.
Аҳамиятлиси шундаки, ушбу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. ГЭСлар томонидан экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда, барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, вилоят саноат корхоналари, турли идоралар ва маҳаллий аҳолига етказиб берилади.
Мазкур лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида Сурхондарё вилоятининг электр энергияга бўлган талабининг муайян қисмини, саноат ва иқтисодиёт корхоналарини гидроэнергия ҳисобидан таъминлаш имкони вужудга келади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати