Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 9 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 9 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 225 миллион 900 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 216 миллион 800 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, 9 декабрь куни ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами 94 миллион 696 минг куб метр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 104 миллион 686 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, республика истеъмолчиларига жами 2 минг 279 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 9 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 15 минг 272 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан Фарғона ва Тошкент вилоятларидан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар ҳудудлардаги масъул мутахассислар томонидан тезкор равишда ижобий ҳал этилди.
9 декабрь куни соат 01:20 ларда Андижон шаҳар “Бунёдкор” МФЙ 25а-уй, 48-хонадонда чақнаш содир бўлган. Мазкур хонадон эгаси 1972 йилда туғилган И.Мурадимов уйига ПГ-4 комфорткага резина шланг улаб сўрғич қўйиб қаровсиз қолдирган. Светни ёқиб юбориши оқибатида чақнаш юзага келган. Натижада 1972 йилда туғилган И.Мурадимов 15 фоиз, 1985 йилда туғилган Д.Мурадимова 70 фоиз, 2010 йилда туғилган Н.Мурадимов 25 фоиз куйган.
Бухоро туманида аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилган. Бундай вазиятнинг юзага келишига “Соҳибкор” газ тақсимлаш станциясидаги иккинчи жўмракнинг ёпилиши сабаб бўлиб, натижада ҳудудга табиий газ етказиб берувчи қувурларда босим 6 дан 1,8 атмосферага тушиб кетган. Натижада, 1,3 мингдан зиёд аҳоли хонадони газ таъминотида қийинчиликларга дуч келди. Айни вақтда, аҳоли пунктига газ таъминоти тикланмоқда.
Қоракўл туманидаги “Когон” магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли “Қоракўл” газ тақсимлаш станциясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера босими остида етказиб берилаётган табиий газни газ тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8-2 атмосферага қисқартирилиши натижасида аҳоли хонадонларига табиий газ таъминоти тўхтаб қолган. Бу эса тумандаги “Дўстлик” ва “Қоракўз” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Айни вақтда, ҳудудда газ таъминоти тикланган.
Хоразм вилоятида ҳаво ҳарорати (-15-21) С даражага тушиб кетиши натижасида Бегобот ГРСдан Янгибозор туманини таъминловчи Д-325, Д-273 мм лик юқори босимли газ қувурларида узулишлар содир бўлди. Ишчи бригада томонидан ҳолат тўлиқ бартараф этилиб, газ таъминоти қайта тикланди.
Самарқанд шаҳар Раҳматобод ва Ислоҳот маҳалларига йўналтирилган Д-100 мм ер ости газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланди. Натижада Раҳматобод МФЙда 150 та ва Ислоҳот МФЙда 150 та хонадонлар газ таъминотидан вақтинчалик узиб қўйилди. Объектда камчилик бартараф этилиб, газ таъминоти қайта тикланди.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишингизни сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.