Ҳурматли истеъмолчилар!
Жорий йилнинг 14 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.
Хусусан, 14 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 228 миллион 100 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 217 миллион 800 минг киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингек, сутка давомида ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга прогноздаги 94 миллион 696 минг куб метр ўрнига амалда 108 миллион 818 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, аҳолига 2 минг 238 тонна суюлтирилган газ етказилди.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 14 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 13 минг 946 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилди.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан мурожаатлар келиб тушмади. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг ҳудудлардаги масъул раҳбар-ходимлари томонидан доимий 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган бўлиб, бу орқали барча иш жараёнлари назоратга олинган.
“Ҳудудгаз Пойтахт” ГТФнинг “Яшнобод туман газ таъминоти”дан олинган маълумотга асосан Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли 23 кўчасида Д-273 мм ўрта босимли газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқланган. Таъмирлаш ишларини бажариш учун 2020 йил 15 декабрь куни соат 10:00 дан 18:00 га қадар газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади (3 та кўп қаватли уйларнинг148 та, ерли хонадонларнинг 153 та ҳамда 5 та улгуржи истеъмолчилар). Таъмирлаш ишларидан сўнг, табиий газ таъминоти қайта тикланади.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишларини сўраймиз.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.