Бугун 10 январь куни Энергетика вазирлиги томонидан Президентимизнинг “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига кўра, «Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини оширишнинг роли» мавзусида Республика семинари бўлиб ўтди.
Унда Энергетика ва Иқтисодиёт ва саноат вазирликлари, «Ўзатом» агентлиги раҳбариятлари, қатор ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида шунингдек, Ўзбекистон ҳудудларида хорижий инвестициялар учун қўшимча имкониятлар яратишда Саноат корхоналари энергия самарадорлиги жамғармасининг роли кўриб чиқилди.
Мазкур қарор билан 2019 – 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комплекс дастури тасдиқланди.
Комплекс дастурга мувофиқ, 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбалари улуши электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидан 25 фоизгача етказилади.
Бунда замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иститгичларини босқичма-босқич ўрнатиш (иссиқлик таъминотининг марказлашган тизимларига уланган объектларни истисно қилганда), шунингдек, энергия самарадор иситиш тизимларини, бивалент тизимларни ўрнатиш, шу жумладан замонавий иссиқлик насослари ва рекуператорларни жорий этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, биноларнинг иссиқлик ҳимоя тизимини яхшилаш, икки камерали ва энергия самарадор дераза блокларини, светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, шунингдек, ҳаво рекуператорлари ва бошқа тизимларни ўрнатиш;
хусусий хонадонларда қуёш фотоэлектрик станциялари (ўртача 2 кВт) ва қуёш сув иситкичларини (ўртача 200 литр) ўрнатиш;
маиший истеъмолчиларнинг, шунингдек, юридик шахсларнинг ностандарт газ-горелкали қурилмаларини замонавий ва энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларга алмаштириш чоралари режалаштирилган.
Қарорда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари барча бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ биноларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш зарурлиги белгиланган.
Давлат органлари ва ташкилотлари ўз балансидаги бинолар ва иншоотларда ёритиш тизимлари учун светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатишга мажбурлиги кўзда тутилган.
Шунингдек Мамлакатимиз корхоналари ва ташкилотларида 2019 йил
1 декабрдан 2023 йил 1 январга қадар энергетика менежменти тизимини халқаро стандарт (ISO 50001) жорий қилиниши кўзда тутилган. Унда хусусан, энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, шунингдек, атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш кўзда тутилган.
Жисмоний шахслар томонидан ҚЭМ дан фойдаланиш орқали энергия самарадорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Хусусан, уйларда фотоэлектрик қуёш станциялари ўрнатилганда уларни харид қилишга сарфланган харажатларнинг учдан бир қисми қопланади. Шунингдек жисмоний ва юридик шахсларга тижорат банкларидан қайта тикланучи энерния манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва бошқа энергия самарадор ускуналарни харид қилиш учун олинган кредитлар бўйича фоиз тўловларини қоплаш учун компенсация берилиши кўзда тутилган.
Шу тарзда, қарорда Ўзбекистонда энергия самарадорлик соҳасидаги вазиятни тубдан ўзгартириш, шу жумладан, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда ушбу йўналишдаги янги лойиҳаларни рағбатлантириш бўйича қатор муҳим чоралар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлигининг Матбуот хизмати