Айни кунларда ижтимоий тармоқларда истеъмол қилинган табиий газ тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик оқибатида юзага келган қарздорлик учун электрон газ ҳисоблагичларнинг автоматик тарзда ўчиб қолиши масаласи кенг муҳокама қилинмоқда. Айрим истеъмолчилар томонидан ушбу “ақлли” газ ҳисоблагичлар нореал қарздорлик ва пеня учун ўчириб қўйилмоқда мазмунидаги мурожаат ҳамда изоҳлар қолдирилмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан, “Hududgazta’minot” АЖ шуни маълум қилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4840-сон қарори асосан, 2021 йилнинг якунига қадар республика миқёсида барча тоифадаги табиий газ истеъмолчилари учун 3 546 148 та электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда тизимни тўлиқ ишга тушириш белгиланган.
Бугунги кунга қадар, республика миқёсида жами 769 200 дан ортиқ табиий газ истеъмолчилари хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлари ўрнатилиб, “BillingGaz” тизимига уланди. Газ ҳисоблагичларнинг аксарияти “қизил” ҳудудлар мақоми берилган туман ва шаҳарларда ўрнатилмокда. Аввал хабар берганимиздек, табиий газ истеъмоли ва дебитор қарздорлиги ҳамда йўқотиш кўрсаткичи юқори бўлган республикамизнинг 22 та туман ва шаҳарлари “қизил” ҳудудларга киритилган.
Мисол учун, Тошкент вилоятининг Тошкент, Зангиота ва Қибрай туманларида 135 709 та замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатилди ва 2020 йилнинг октябрь ойидан бошлаб ушбу ҳудуларда АСКУГ тизими тўлиқ жорий этилди. Ўрнатиш жараёнида 3 та туманда қўшимча 10 465 та аҳоли истеъмолчилар аниқланди.
2019 йил 4-чорагида ушбу ҳудуддаги истеъмолчиларга 327,4 млн.куб.м газ етказиб берилган бўлиб, шундан 161,3 млн.куб.м ёки 49 фоизи миқдоридаги табиий газ эгаси топилмаган бўлсада, янги хисобдонлар урнатилгандан сунг 2020 йилнинг мос даврида бундай ҳолат кузатилмади.
Янгийўл тумани ва Янгийўл шаҳридаги ҳолатга тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кунда жами 55 641 та ахли истеъмолчиси мавжуд булиб, шулардан 16 970 тасига замонавий газ ҳисобдон ўрнатилган. Истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлик 2 млрд 401 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда.
Жумладан, Янгийўл туманидаги хонадонларида иссиқхоналар мавжуд бўлган “Дархон” маҳалласи мисолида оладиган бўлсак, маҳаллада 337 та истеъмолчи бўлиб, 2019 йилнинг декабрь ойида 68,6 млн.сўмлик жами 180,5 минг куб.метр табиий газ етказиб берилиб, ундирилган маблағ атиги 48,2 фоизни ташкил этган. 2020 йил мазкур маҳаллага тўлик замонавий ҳисобдонлар ўрнатилиб, натижада жорий йилнинг январь ойи ҳолатига кўра, 110,9 млн.сўмлик 288,3 минг куб метр (2019 йил декабр ойига нисбатан 4,2 баробар кўп) табиий газ етказиб берилиб, тушум кўрсатгичи 215,3 фоизни ташкил қилмоқда. Шу каби мисолларни “қизил” ҳудуддаги бошқа маҳаллалар мисолида яна келтириш мумкин.
Қизил ҳудудга кирган туман (шаҳар)лардаги газ таъминотчиси ва истеъмолчилар орасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида, янгича тўлов интизоми жорий этилмоқда. Бунда газ етказиб берувчи хизматларни сифатли ва тўлиқ ҳажмда тақдим этади ҳамда харидор, бизнинг ҳолатда эса, истеъмолчи хизмат учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлаб боради.
Шунинг учун, истеъмол қилинган табиий газ учун қарздорлиги бўлган истеъмолчиларга тармоқдан автоматик тарзда ўчирилишларидан 3 кун аввал, газ ҳисоблагич ўрнатилаётган вақтда имзоланган шартномага истеъмолчи томонидан тақдим этилган телефон рақамига огоҳлантириш СМС хабарлар юборилмоқда ва тизим янги жорий этилаётганини ҳисобга олган ҳолда, бу каби СМСлар бир неча марта истеъмолчиларга жўнатилмоқда.
Огоҳлантиришларига қарамай, тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар учун газ таъминоти автоматик тарзда тўхтатилмоқда. Шу билан бирга, истеъмолчилар орасида нореал қарздорлик ҳисобланиши оқибатида газ таъминотидан узилиш бўйича масалалар юзага келмоқда.
Юқоридаги ҳолатлар бўйича истеъмолчиларнинг барча мурожаатлари мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай ҳолатлар пайдо бўлишида асосан, авваллари газ ҳисоблагичдаги кўрсатгичларнинг “BillingGаz” тизимига нотўғри киритилганлиги, хисобдонлар носозлиги ва бошка сабаблар туфайли юзага келган. Бундан ташқари, нореал қарздорлик бўйича шикоят қилаётганлар орасида аввал ўрнатилган ҳамда АСКУГ тизимини қўллаб-қувватламайдиган маиший газ ҳисоблагичлардаги кўрсаткичларни “орқага” қайтарганлар ҳам аниқланмоқда.
Ҳозирда “Hududgazta’minot” АЖ ва тизимдаги барча бўлинмалар ҳамда тегишли ходимлар томонидан юқоридаги каби ҳар битта ҳолат, истеъмолчилар тақдим этган тўлов квитанциялари асосида чуқур ўрганилиб, “BillingGаz” тизимидаги мавжуд қайдлар билан солиштириб чиқилмоқда. Нореал қарздорлик тасдиқланган ҳолатда, керакли ҳужжатлар асосида далолатнома расмийлаштирилиб, тизимга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мутахассислар томонидан “BillingGаz” тизимига асоссиз ва ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритиш ноқонуний хатти-ҳаракат ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 август санасидан табиий газ истеъмолчилари “Hududgazta’minot” АЖ тасарруфига ўтказилди. Шу санага қадар амалга оширилган ҳисоб-китобларга ўзгартиришлар киритиш учун аввал мазкур хизмат учун масъул бўлган ташкилотлар билан биргаликда зарур чоралар кўрилмоқда.
Мурожаатлардаги пеня ҳисобланиши масаласига тўхталадиган бўлсак, шартномада кўрсатилган муддатларда (ҳар ойнинг 10 санасигача) етказиб берилган газ қиймати ўз вақтида тўланмаган тақдирда истеъмолчи етказиб берувчига газ етказиб бериш юзасидан шартномадаги фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликка мувофиқ пеня тўлайди. Шартомага кура, пеня истеъмолчи тамонидан етказиб берилган табиий газ учун тўлов ўз вақтида тўламаган тақдирда муддати ўтган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, лекин муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлайди.
“Hududgazta’minot” АЖ томонидан замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, уларни АСКУГ тизимига улаш ишлари жадал давом этмоқда. Қўшимча қулайликлар яратиш ва газ таъминоти ташкилотларида катта навбатларнинг олдини олиш мақсадида, табиий газ бўйича ҳисоб-китобни юритиш “онлайн” тизимга ўтказилмоқда. Истеъмолчиларда баҳсли ҳолатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қимматли вақтни туман еки шаҳар газ булимларига қатнаб зое кетказмай, ўз шахсий кабинетлари орқали табиий газ истеъмоли, амалга оширилган тўлов ва мавжуд пенялар ҳолатини “онлайн” тарзда назорат қилиб боришлари мумкин. Бундан ташқари, фойдаланилган табиий газ учун тўловларни уйдан чиқмасдан “Payme”, “Paynet”, “Сlick”, “U-Pay” ва “Oson” мобил иловаларидан бири орқали тез ва осон амалга ошириш мумкин.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъмол қилинган табиий газ тўловларидан “тежаш” мақсадида, газ ҳисоблагич кўрсатгичларини “орқага” айлантирмасликка, уларнинг ушбу хатти-ҳаракатлари ноқонунийлиги ҳамда бу каби қонунбузарликларнинг салбий оқибатлари тўғрисида огоҳ бўлишлари лозимлиги ҳақида “Hududgazta'minot” АЖ яна бир бор эслатади. Газ таъминоти соҳасидаги мавжуд муаммо, шикоят ва таклифлар бўйича “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи орқали ёки 1104, 71 202 1104, 71 200 0804 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
“Hududgazta’minot” АЖ матбуот хизмати