Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва “Навоий ИЭС” АЖ томонидан мамлакатимиз ва хорижий ОАВ вакиллари учун Ўзбекистоннинг электр энергетика тармоғи фаолияти билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил қилинди. Журналистлар учун мўлжалланган пресс-тур Ўзбекистондаги Навоий шаҳридан 7 км. узоқликда бўлиб ўтди.
Унда журналистлар Энергетика вазирлиги объекти – Навоий ИЭС фаолияти билан яқиндан танишишга муваффақ бўлди. Ушбу иссиқлик электр станцияси мамлакатнинг энг саноатлашган ҳудудларидан бири бўлган вилоят, шунингдек, қўшни ҳудудлар электр ва иссиқлик таъминотининг асосий манбаи ҳисобланади.
Электр станциянинг қурилиши 1960 йилда Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида, Навоий тоғ-кон металлургия комбинати таркибида олиб борилган. Навоий ГРЭС нинг биринчи энергоблоки 1963 йилда ишга туширилган. Дастлаб станция НТМК таркибига кирган, аммо 1965 йилда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тасарруфига ўтказилган. 2004 йилда Навоий ГРЭС «Навоий ИЭС» га ўзгартирилган.
Навоий ИЭС ҳудуднинг етакчи саноат корхоналарини – тоғ-кон металлургияси, энергетика, кимёвий, озиқ-овқат, қурилиш саноати корхоналарини электр энергия билан таъминлайди. Энг йирик саноат корхоналари – НТМК, “Навоийазот” АЖ, “Навоий ИЭС” АЖ, “Қизилқумцемент” АЖ, “Электркимё” АЖ ва бошқа корхоналар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигини машиналашган тарзда суғориш бўйича йирик насос станциялари истеъмолчилари ҳисобланади.
Станция қуввати 50 мегаваттдан 420 мегаваттгача бўлган 11 та энергоблокдан ташкил топган. Ҳозирги пайтда эски турдаги энергоблоклар энергия ишлаб чиқарувчи қувватлар таркибидан чиқарилган.
2009 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан станция қувватларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича вазифа қўйилиб, у учта босқичда амалга оширилиши мўлжалланган. Хусусан, биринчи босқич 2009-2012 йилларда, иккинчи босқич эса 2017-2019 йилларда амалга оширилди. Учинчи босқич 2019-2023 йилларда бажарилиши кўзда тутилган.
Навоий ИЭС ни модернизация ва реконструкция қилишнинг биринчи босқичида 2012 йилда республика энергетика тизимидаги қуввати 478 МВт га тенг бўлган биринчи буғ-газ қурилмаси (БГҚ-1) ишга туширилди. БГҚ-1 ишга туширилганидан сўнг станция қуввати 1618 мегаваттни ташкил қилди, аввал у 1250 мегаваттга тенг эди. БГҚ-1 ишга туширилиши билан станция бўйича табиий газнинг йиллик тежалиши йилига 350-400 миллион м^3 ни, 2013 йилдан 2018 йилгача бўлган фойдаланиш даврида эса қиймати 1 трлн.сўмга тенг бўлган 2,3 млрд. м^3 ни ташкил этди. Лойиҳанинг ижрочиси сифатида «Çalik Energi» (Туркия) ва «Initec energia» (Испания) компаниялари консорциуми танланди.
Иккинчи босқичда Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” компаниялари консорциуми ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти томонидан қуввати 450 мегаватт ва қиймати 448 миллион долларга тенг шартнома имзоланди. Лойиҳа “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Energi” компанияси томонидан амалга оширилди. 2017 йилда Навоий вилоятига ташрифи давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иккинчи буғ-газ қурилмаси (БГҚ-2) қурилиши пойдеворига капсула қўйди.
Буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 киловатт-соат электр энергияни ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган шартли ёқилғи сарфини қисқартириш ҳисобига 500 миллион кубометргача табиий газ тежалади, 112 та иш ўрни яратилади. Ушбу лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, буғ турбинаси конденсаторида илк бор сув ўрнига ҳаво билан совутиш қўлланилган, бу эса республикада суғориладиган деҳқончилик шароитида муҳим омиллардан бири ҳисобланади, чунки сувнинг ҳар бир кубометри қадрлидир. Таъкидлаш керакки, анъанавий станцияларда ФИК 30 % ни ташкил этади. Навоий ИЭС даги биринчи буғ газ қурилмасида ушбу кўрсаткич 55%, иккинчисида – 58% ни ташкил этади. 2019 йил сентябрида БГҚ-2 тест режимига ишга туширилди.
2019-2023 йилларда амалга ошириладиган учинчи босқичда учинчи ва тўртинчи буғ-газ қурилмасини қуриш орқали станцияни кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Навбатдаги лойиҳаларнинг жорий этилиши яқин йилларда НТМК ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш Қизилқумда янги конларнинг ўзлаштирилиши билан боғлиқ. Янги шаҳарлар пайдо бўлиши ва ўз инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобидан 30 мингтагача иш ўринларини яратиш мўлжалланмоқда.
«Навоий ИЭС» АЖ қошида ИЭС энерготизими учун ходимларни тайёрлаш бўйича ўқув маркази ташкил қилинди. Ўқув маркази Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) молиявий ва техник кўмагида ташкил қилинди. 2018 йилнинг охирида 12 та йўналиш бўйича тўлиқ ўқув курсида таълим олган 14 та йўриқчига JICA экспертлари томонидан таълим бериш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Шунингдек, JICA томонидан 7 миллиард сўмлик ўқув-лаборатория ускуналари, хусусан, газ ва буғ турбиналари макети, электр ва иссиқлик механика ускуналари, КИП ва А намуналари, металл диагностикаси ва назорати асбоблари, тренажёр-симулятор – буғ-газ қурилмаларидан фойдаланиш пайтида рўй бериши мумкин бўлган 200 тагача авария ҳолатларини имитация қилувчи, ходимларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилувчи компьютер техникаси етказиб берилди.