Жорий йилда Uzbekistan GTL – синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуаси фойдаланишга топширилади. Завод йилига умумий қиймати 1 миллиард AҚШ долларидан ёки 12,8 триллион сўмдан зиёд миқдордаги импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Бугунги кунда инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 3,42 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, рентабеллиги (IRR) 10,2 фоизга ва ўзини оқлаш муддати 9 йилга тенгдир.
Лойиҳанинг дастлабки қиймати 3,73 миллиард AҚШ долларини ташкил этган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шўртан газ-кимё мажмуаси ва GTL мажмуаси негизида минтақада биринчи ягона газ-кимё кластерини яратилиши туфайли, GTL заводининг лойиҳалаштириш даврида амалга оширилган ўзгартиришлар, шунингдек молиявий харажатлар камайгани ҳисобига лойиҳанинг қийматини 310 миллион AҚШ долларидан зиёд миқдорда оптималлаштиришга эришилди.
GTL мажмуаси ишлаб чиқаришни бошлаши билан давлат бюджетига ҳар йили ўртача 2 трлн. сўмдан зиёд солиқ тўловлар амалга оширилади.
Тобора ўсиб бораётган энергия манбалари бозорини ҳисобга олган ҳолда, GTL ёқилғиларидан фойдаланиш ҳаво чиқиндиларини камайтиришнинг энг самарали, тежамкор ва хавфсиз усулидан бири ҳисобланади.
Собиқ совет ҳудудида технологик самарадорлиги бўйича ноёб ҳисобланган ва дунёдаги шу каби лойиҳалар ичида олтинчиси бўлган “Uzbekistan GTL” лойиҳасининг молиявий моделини ишлаб чиқишда “ING Group” (Нидерландия/Буюк Британия) ва “Газпромбанк” АК (Россия) каби нуфузли халқаро молиявий консультантлар иштирок этган. Улар “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари билан биргаликда лойиҳанинг рентабеллиги, кредитни тўлаш шартлари, қоплаш ва шу каби муҳим жиҳатлар ҳисобга олинган тўлиқ молиявий моделни тайёрлади. Ушбу ҳисоб-китоблар, ўз навбатида, лойиҳани молиялаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун потенциал лойиҳа кредиторлари томонидан диққат билан ўрганилиб, таҳлил қилинди. Натижада, “Uzbekistan GTL” лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этиш тўғрисида қарорни Хитой Давлат Тараққиёт Банки (ХДТБ), Кореянинг Эксимбанки (KEXIM), Кореянинг экспорт кредитларини суғурталаш давлат корпорацияси (K-SURE), “Газпромбанк”, “Росэксимбанк”, Россия экспорт кредит ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги (ЭКСАР) каби нуфузли молия компаниялари қабул қилди. Ушбу компанияларнинг “Uzbekistan GTL” рентабеллигига ишончи замонавий халқаро лойиҳалар орасида ушбу кенг кўламли лойиҳанинг мавқеини ва нуфузини яна ҳам оширди.
UzGTL синтетик суюқ ёнилғи заводи ўз кўлами бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда энг йирик инвестиция лойиҳаларидан биридир. Лойиҳа Ўзбекистоннинг табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини кенгайтириш, углеводород хом-ашёси импортини тубдан камайтириш, шунингдек, республиканинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган.
Хом-ашё сифатида табиий газдан этан, пропан, бутан, ва ҳоказо каби компонентларни чиқариш орқали турли полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Шўртан газ кимё мажмуасида қайта тозаланган табиий газининг бир қисмидан фойдаланилиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, GTL заводида ишлаб чиқарилган GTL нафта полимер маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун Шўртан газни кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш объектларига қайта ишлаш учун юборилади ва шу орқали ягона газ-кимё кластери яратилади.
Инновацион технологиялар туфайли қайта ишланган газдан харидоргир ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган импорт ўрнини босувчи юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. GTL синтетик суюқ ёқилғисини ишлаб чиқариш мажмуасида ҳар йили 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланади, шундан йилига 1,5 миллион тонна юқори сифатли ва экологик тоза синтетик суюқ ёқилғи, шу жумладан 307 минг тонна керосин, 724 минг тонна синтетик дизел ёқилғиси, 437 минг тонна синтетик нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар биринчи навбатда республиканинг нефт маҳсулотлари, айниқса дизел ёқилғиси, керосин ҳамда суюлтирилган газга бўлган ички эҳтиёжини қоплаш учун етказиб берилади. Бундан ташқари, халқаро бозорларда синтетик ёқилғига бўлган талабнинг юқорилиги, ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати юқорилиги ва экологик жиҳатдан тозалиги туфайли, уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилиш мумкин бўлади.
Шунингдек, “Uzbekistan GTL” электр энергияси билан таъминлаш масаласи ҳам инновацион ечим қўлланилган - заводда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган ортиқча буғ ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу сабабли, завод ўз фаолияти учун зарур бўлган электр энергиясини ишлаб чиқаришдан ташқари, зарур ҳолларда, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг қўшимча ҳажмини миллий электр тармоғига ҳам етказиб бериш имкониятига эга.
GTL технологияси танланганлиги нафақат бугунги кунда бутун дунёда харидоргир бўлган суюқ ёқилғининг импорт ўрнини босиши, балки маҳсулотнинг экологик тозалиги билан ҳам боғлиқдир. Дизел транспорт двигателларида 100 фоизлик GTL ёқилғисидан фойдаланиш чиқинди газларни камайтириш орқали ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам беради. Инновацион GTL дизел ёқилғиси ёнганда заҳарли чиқиндиларни деярли чиқармайди ва карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиради.
Бундан ташқари, GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш лойиҳасининг илғор технологиялари Ўзбекистоннинг янги авлод мутахассисларини яратади. Лойиҳа яратилишида Sasol (Жанубий Afrika), Haldor Topsøe (Дания), Chevron (АҚШ) ва Honeywell каби етакчи компанияларнинг илғор технологик ечимларидан фойдаланилди.
Ушбу завод қурилиши 13 мингдан зиёд кишини иш билан таъминлашга имкон берди. Завод фойдаланишга топширилганидан сўнг мингга яқин доимий иш ўрни яратилади. Ҳозирда эксплуатация жараёнининг сифатини таъминлаш мақсадида мутахассислар тайёрлаш махсус ўқув дастури амалга оширилмоқда, дастур доирасида 150 нафарга яқин муҳандис GTL завод бошқарув панели симулятори ўрнатилган Тошкент шаҳридаги “Honeywell” технология марказида ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларни автоматлаштирилган бошқариш тизими бўйича ихтисослаштирилган ўқув машғулотларида таълим олдилар. Ушбу замонавий ускуна муҳандисларни турли сценарияларга ва заводнинг ишлаб чиқариш циклини назорат қилиш ва бошқаришга тайёрлашни таъминлаш мақсадида технологик жараённи, шу жумладан фавқулодда вазиятларнинг тўлақонли симуляциясини ташкил қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, кадрлар тайёрлаш дастури доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан ва Устюрт газ-кимё мажмуаларида 400 нафарга яқин ёш мутахассислар учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди, 25 та муҳандис шу каби Oryx GTL (Қатар) заводида ўқитилди.
Ўзбекистон замон билан ҳамнафас бўлиб, табиий газ каби қимматбаҳо хом ашёдан ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун ишлаб чиқариш объектларини яратмоқда.
Газни арзон хом-ашё сифатида экспорт қилиш ўрнига углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Маҳаллий табиий газ асосида бундай илғор технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш нафақат мамлакат эҳтиёжларини қондириш, балки газ экспортига нисбатан Ўзбекистонга валюта оқимини сезиларли даражада ошириш имконини яратади. GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишдан олинадиган даромад хом-ашё газ экспорти даромадларига насбатан камида 2,5 баравар кўпдир.
Шу билан бирга, келажакда GTL заводи негизида ЛAБ (чизиқли алкилбензол), ЛAС (чизиқли алкилбензол сулфанат), гексен-1, бутен-1, синтетик мойлар, парафин гранулалари ва бошқа маҳсулотлар каби нефт-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш имконияти очиляпти, бу эса ўз ўринда республикада углеводородларни янада чуқур қайта ишлаш ва нефт ва газ кимёсини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.
Натижада табиий газдан янада самарали ва оқилона фойдаланиш ва истеъмол қилиш оқибатида, фарзандларимиз, набираларимиз ва келажак авлодларимиз мамлакатнинг ушбу табиий бойлигидан фойдаланиши учун қўйилган мақсадимизга эришамиз.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати