Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Энергетика вазирлиги мутахассислари ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган IT-мактаби ўқувчилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида ўқувчи-ёшларга мамлакатимизда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.
Хусусан, бугун олдимизда нафақат республика аҳолиси ва иқтисодиётини барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш, балки атмосферага зарарли чиқинди газлар миқдорини камайтирадиган, углеводород захираларини тежаш имконини берувчи кам углеродли энергияни жадал ривожлантириш вазифалари турибди. Миллий бойлигимиз бўлган табиий газдан ИЭСлар фаолияти учун эмас, балки юқори қўшимча қийматга эга, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланамиз.
“Кам углеродли энергетикани ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири бу қайта тикланувчи энергия манбаларига (ҚФЭС) асосланган электр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга оширишдир. Бугунги кунда қуёш ва шамол электр станциялари каби тушунчалар оммалашиб бормоқда. Жорий йилда ҚФЭС га асосланган электр станцияларини ишга тушириш бошланди. Масалан, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Навоий вилоятининг Кармана туманида мамлакатимиздаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Уни ишга тушириш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этдилар” – деди Энергетика вазири маслаҳатчиси Тимур Жўрабеков.
Маълумки, Ўзбекистонда йилига ўртача 320 кун қуёшли бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, мамлакатимизда қуёш электр станциялари қурилиши ҳисобига жами 600 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин, бу эса, Ўзбекистоннинг умумий эҳтиёжидан 8 баробар кўпдир. Шу боис қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари йўналишида жадал ишлар олиб борилмоқда ва бу борада хорижий инвесторлар жалб қилинмоқда, қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши давом этмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Кармана туманидаги станция улардан энг биринчиси бўлди.
Давлатимиз раҳбари биринчи қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида таъкидлаганидек, ушбу қуёш электр станциясида йилига 252 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 80 млн куб метр табиий газни тежалади ҳамда атмосферага 160 минг тонна иссиқхона газлари чиқарилишининг олдини олади.
Ушрашувда шунингдек, вазирлик ёшлар етакчиси Холисахон Нуриддинова томонидан вазирлик олдига қўйилган истиқболли режалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, мамлакатиз раҳбарияти 2030 йилга бориб электр энергиясининг умумий ишлаб чиқаришида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш вазифасини қўйган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич гидроэлектр станциялари ҳисобига 10 фоизга етмоқда. Умуман, прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли бугунгидан икки баравар кўпни ташкил қилади. Шу боис, айни пайтда нафақат қуёш ва шамол электр станцияларини, балки янги иссиқлик электр станцияларини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш бўйича ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Асосийси, бугунги кунда энергетика соҳасига жорий этилаётган барча ускуналар аввал қўлланилган технология ва ускуналардан бир неча баробар тежамкор ҳисобланади. Демак, электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали биз бир вақтнинг ўзида иқтисодиётда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам энергия самарадорлигини ривожлантирмоқдамиз. Ва ҳар ким энергия тежаш, энергия самарадорлигига ҳисса қўшиши керак. Зеро, энергетика хавфсизлигини таъминлаш нафақат мамлакатимиз ёқилғи-энергетика комплекси, балки бутун жамиятимизнинг вазифаси ҳамдир.
Учрашув сўнгида Энергетика вазири номидан мактаб ўқувчиларини Қашқадарё вилоятида қурилаётган МДҲ давлатлари орасида ягона бўлган “Uzbekistan GTL” заводига ташриф учун сертификат топширилди.
Савол-жавоб тарзида бўлиб ўтган учрашувда ўқувчилар томонидан қизиқарли саволлар ҳамда таклифлар берилди. Тадбир якунида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Келгусида шу каби учрашувларни тез-тез ташкиллаштириш ҳақида келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати