Сўнги йилларда Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари орасида шамол электр станциялари барпо қилишга жиддий эътибор бериб келмоқда. Бу йўналиш энергетика соҳасидаги энг жадал ривожланаётган йўналиш бўлиб қоляпти.
Марказий Осиё минтақасида сув манбалари камайиб бораётгани инобатга олинса, муқобил энергиядан фойдаланишни янада жадаллаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда, шамол энергетикасига доир айрим рақамлар билан танишсак. 1997 йилда жаҳонда шамол электр станцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 7 500 МВт.ни ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бу рақам 750 000 МВтга тўғри келди. Мамлакатлар кесимида олсак, 2020 йилнинг ўзида Хитой Халқ Республикаси томонидан 52 000 МВт, Америка Қўшма Штатлари томонидан 16 205 МВт қувватдаги янги шамол электр станциялари ишга туширилган.
Қолаверса, ШЭСлар томонидан ишлаб чиқилаётган электр энергияси нархи ҳам арзонлашмоқда. 2010-2020 йиллар орасида қуруқликдаги шамол электр станциялари (ШЭС) орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўртача нархи 56 фоизга арзонлаб, 1 кВт⋅соат электр энергияси 8,9 АҚШ центидан 3,9 АҚШ центигача пасайган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда шамол энергетикасидан кенг фойдаланиш бўйича соҳада техник-иқтисодий изланишлар ўтказилиб, “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш Концепцияси” ишлаб чиқилди. 2030 йилга қадар республикада 3 000 МВт қувватли шамол электр станцияларини қуриш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистондаги ШЭСларини қуриш учун аниқланган ер майдонларидаги шамол потенциали кўрсаткичлари жаҳонда мавжуд шамол электр станцияларининг ўртача кўрсаткичларидан юқори ҳисобланади. Яъни, қувватдан фойдаланиш коэффициентлари таққосланганда, республика кўрсаткичлари жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан 1,5 баравар юқорилиги аниқланган. Мисол учун, бир йилда 8760 соат бўлса, Ўзбекистонда барпо қилинадиган шамол электр станциялари тахминан 3900 соат тўлиқ қуввати билан ишлаши мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ШЭСларни қуриш бўйича бир нечта лойиҳага старт берилди. Жумладан:
БААнинг “Masdar” компанияси томонидан Навоий вилоятининг Томди туманида қиймати 600 миллион АҚШ доллари бўлган 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича келишувлар имзоланди. Ушбу станция 2024 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилгач, йиллик 1,8 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва 1 йилда 546 миллион куб метр табиий газ тежалади.
Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Пешкў туманларида қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 1000 МВт қувватли 2та ШЭС қуриши бўйича келишув имзоланган бўлиб, ушбу станциялар 2023 йилда ишга туширилгач, йиллик 3,6 миллиард кВт⋅соат электр энергияси етказиб берилади ва йилига 1,1 миллиард куб метр табиий газ тежалишини таъминлайди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Қораўзак туманларида қиймати 110 миллион АҚШ доллари бўлган 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда танлов ўтказилди. “ACWA Power” компанияси 1 кВт⋅соат электр энергияси учун 2,57 АҚШ центи тариф таклифи билан танлов ғолиби бўлди. Ушбу станция 2023 йилда ишга тушгач, йилига 350 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва бир йилда 106 миллион куб метр табиий газни тежайди.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Энергетика вазирлиги шамол энергетикасини ривожлантириш концепциясида белгиланган режаларни муддатидан олдин бажармоқда. Натижада, 2030 йилга қадар мамлакатдаги ШЭСлар умумий қувватини 5000 МВтга етказиш кутилмоқда. Уларнинг катта қисмини Қорақалпоғистон Республикасида барпо этиш назарда тутилмоқда.
ШЭС лойиҳаларини амалга ошириш давомида уларни ягона энергетика тизимига хавфсиз интеграция қилиш тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Хусусан, энергияни сақлаш қурилмалари орасида самарали ҳисобланувчи литий-ион батареяларининг нархи халқаро миқёсда мақбул қийматга тушиб боряпти. Халқаро тадқиқот марказлари келгуси 5 йилда бу турдаги батареялар нархи ўртача 30 фоизга арзонлашишини тахмин қилмоқда.
Бунинг натижасида Ўзбекистонда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинадиган энергияни бошқариш, сақлаш ҳамда ягона энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш имкони пайдо бўлади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати