Ассалому алайкум ҳурматли табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчилари. Бугунги бирифинг давомида келиб тушаётган долзарб саволларга жавоб бериб ўтамиз.
1. Биринчи навбатда истеъмолчилардан газ таъминоти масалалари юзасидан қаерга мурожаат қилиш ҳақида саволлар келиб тушмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ фаолияти доирасида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни тезкор ҳал этиш мақсадида Жамият қошида 1104 қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилган бўлиб, ушбу марказга келиб тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан қабул қилиниб, ижобий ҳал этиб борилмоқда.
Шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари” гуруҳи ўз фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у орқали ҳам табиий ва суюлтирилган газ таъминотидаги муаммолар юзасидан йўлланган мурожаатлар ўз вақтида бартараф этиб борилмоқда.
2. Яна бир кўплаб учраётган мурожаатлардан бири – бу шахсий кабинет билан боғлиқ саволлардир.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” (АСКУГ) лойиҳаси ишга туширилди. Бугунги кунга қадар республикамиз бўйлаб аҳоли ҳонадонларига 2 миллиондан ортиқ замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари бепул ўрнатиб берилмоқда ва бу ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Газ таъминоти борасида шаффофликни таъминлаш мақсадида аҳоли истеъмолчилари учун янги турдаги “шахсий кабинет” жорий қилинди. Ушбу қулайликдан фойдаланиш учун cabinetaskug.hududgaz.uz илова орқали кириш мумкин. Шахсий кабинетдан фойдаланиш орқали истеъмолчиларга бир қанча қулайликлар яратилган.
Аввало, ҳар бир фуқаро ўзига шахсий кабинетдан фойдаланган ҳолда Жамиятга тўғридан-тўғри онлайн тарзда мурожаат этиши мумкин.
Шунингдек, табиий газ истеъмолчилари шахсий кабинети орқали ўз хонадонларининг кунлик ва ойлик газ истеъмолини кўриб боришлари ҳамда онлайн тарзда тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.
Учинчидан, истеъмолчиларнинг қулайлиги учун “Газ-Калькулятор”дан ҳам фойдаланиш имкониятлари бор. Бунда, истеъмолчилар ҳисоблагичнинг кўрсаткичини киритиб, ҳисоб-китобларини олиб боришлари мумкин.
Қолаверса, истеъмолчилар онлайн тарзда шахсий кабинет орқали ҳисоблагичдаги ҳолатлар ҳақида маълум қилишлари ёки газ анжомларини созлаб бериш учун ариза қолдиришлари мумкин.
Ушбу тизимда рўйхатдан ўтиш тартиби соддалаштирилган бўлиб, биргина мобил телефон рақамини киритиш орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Ишончли ва аниқ маълумотлар етказиш мақсадида ушбу тизим “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ягона “Askug Billing” дастурий базасига уланган бўлиб шахсий кабинет орқали етказилаётган маълумотлар аниқлиги кафолатланган.
3. Суюлтирилган газ таъминоти доирасида аҳолига тақдим этилган ID-карталардан фойдаланиш бўйича ҳам саволлар келиб тушмоқда.
Онлайн режим асосида иш олиб бориш ва рақамлаштириш жараёнлари суюлтирилган газ таъминотига ҳам тадбиқ этилди. Тизимда шаффофликни таъминлаш, коррупция ва сунъий нарх оширилишини олдини олиш мақсадида аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришнинг онлайн “Е-Газ” тизими ишга туширилди. Бу борада барча истеъмолчиларга махсус ID-карталар бепул тарқатилди ва барча маиший газ баллонлари махсус бар-код билан ёрлиқланди. Ҳозирда республикамиз бўйлаб 3,5 миллиондан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларига мана шу онлайн тизим асосида газ етказиб берилмоқда.
Ҳурматли суюлтирилган газ истеъмолчилари! Сизга тақдим этилган ID-карталардан фойдаланинг. Уларга мобил иловалар ёки “Пайнет” шохобчалари орқали пул тушириш имконияти мавжуд. Суюлтирилган газ учун тўловларни онлайн тарзда, ана шу махсус карталар орқали амалга оширинг.
4. Яна бир кўп учрайдиган саволлардан бири бу – “ақлли” газ ҳисоблагич ўчиб қолганидан сўнг қайта ёқиш масаласидадир.
“Ақлли” ҳисобдонлардан фойдаланаётган истеъмолчида қарздорлик юзага келса, смс-хабарнома орқали бир неча маротаба огоҳлантирилмоқда. Аҳамятлиси, табиий газ учун тўловларни мобил иловалар орқали онлайн тарзда ҳам амалга ошириш имкони мавжуд. Истеъмолчиларимизнинг таклифларига кўра, ҳисобдонларни ёқиш жараёни соддалаштирилган бўлиб, бунда “Энтер” тугмасини оралиқ вақт режимига амал қилган ҳолда 3 марта босиш орқали амалга оширилади.
Батафсил маълумот олиш учун қуйидаги видеороликда танишишингиз мумкин.
Эъьтиборингиз учун раҳмат!
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Матбуот хизмати