“Севимли” телеканали журналисти Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев билан долзарб мавзуларда суҳбат ўтказди.
Хусусан, унда тизимда олиб борилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, сўнгги йилларда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш ҳажмларининг оширилиши, қўшни давлатлар билан экспорт-импорт алоқалари ҳолати, жорий этилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг аҳамияти каби долзарб мавзулар қамраб олинган.
Суҳбатнинг матнини эътиборингизга тақдим этамиз.
Савол: Маълумки, совуқ кунлар яқинлашяпти ва бу дегани Энергетика тизими ҳодимлари учун қайсидир маънода қийин мавсум бошланяпти. Хўш, Ўзбекистон бу йил қиш фаслига электр энергиясининг таъминоти бўйича қай даражада тайёр?
Шерзод Ходжаев: Ўзбекистон энергия тизими бу йилги куз-қиш мавсумига ўтган йилги хато-камчилик ва муаммолардан хулоса қилган ҳолда, тайёргарлик ишларини апрель ойида бошлаган. Хусусан барча иссиқлик электр станцияларида 2021 йил учун режалаштирилган энергия блокларининг таъмирлаш ишлари тўлиқ ўтказилди. Сирдарё иссиқлик электр станциясида модернизация ишлари якунланди.
Очиғини айтиш керак, мана шу тизимда мен 23 йилдан бери ишлайман, бирон марта йил бошида режалаштирилган энергия блокларининг йил якунига қадар тўлиқ таъмирдан чиқарилишини кўрмаганман. Электр энергиясини узатувчи ва тақсимловчи тармоқларга келадиган бўлсак, бу ерда ҳам ўтган йилги муаммолардан келиб чиққан ҳолда, аниқ манзилли дастурлар белгиланган. Хусусан, магистрал электр тармоқларимизда кўп ҳудудларда ўтказиш қобилияти оширилди. Яъни оддий тил билан айтганда, биз иссиқлик электр станцияларда электр энергиясини қанчалик кўп ишлаб чиқармайлик, лекин уни ҳудудларга етказиб беролмасак, истеъмолчи мана шу электр станцияларда қилинган ишларнинг фойдасини кўрмайди. Шунинг учун энг оғриқли нуқталаримиз бўлган Қашқадарё, Самарқанд ва водий вилоятларидаги катта 220 кВ кучланишли нимстанцияларимизга қўшимча қувватлар ўрнатилди.
Тақсимловчи электр тармоқларига келадиган бўлсак, бу йилги дастуримиз жуда ҳам катта. Ҳурматли Президентимиз бизни олдимизга 15 000 км тақсимловчи тармоқларни ҳамда 4 000 дона трансформатор пунктларини реконструкция ва модернизация қилиш ишларини белгилаб берганлар. Бу ерда ҳам ҳукумат кўмаги билан молиявий масалаларнинг барчаси ечилган. Хозирги кунда мана шу ишлар ниҳоясига етай деб қолди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу йил Ўзбекистон тарихида биринчи марта Давлат хусусий шериклик асосида электр станцияларимиз ишга тушишни бошлади. Биринчиси, ҳамманиз гувоҳи бўлганимиздек, Навоий вилоятидаги 100 МВт қувватли Қуёш электр станцияси, ушбу электр станция ҳозирги кунда, нормал иш режимида ишлаб турибди ва ишлаб чиқарган энергиясини тармоққа узатяпти. 100 МВтли яна бир қуёш электр станцияси Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида декабрь ойида ишга тушади. У ҳам қиш давомида истеъмолчиларнинг электр энергияси билан таъминлашга оз бўлса-да ўзининг ҳиссасини қўшади. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 3 та, Бухоро вилоятида 1 та ҳамда Хоразм вилоятида 1 та Ростловчи иссиқлик электр станцияларини қуриш ишлари якунига етказиляпти. Умуман олганда, бу йилги, куз-қиш мавсумида ўтган йилги куз-қиш мавсумига нисбатан 12,5 фоиз кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказилиши режалаштирилган ва бунинг учун барча имкониятларимиз мавжуд.
Савол: Бу йил Марказий Осиё минтақасида хусусан, Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги кузатилди ва биламизми, сув нафақат суғориш манбаи, балки электр энергияси манбаи ҳам ҳисобланади. Ва айнан сув танқислиги мамлакатимиздаги Гидроэлектр станцияларнинг фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Шерзод Ходжаев: Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш балансида Гидроэлектр станцияларнинг ҳам жуда аҳамиятли ўрни бор. Минг афсус, бу йил Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам ёғингарчиликларнинг кам бўлганлиги туфайли сув танқислиги кузатилди ва дастлабки режамиз бу йил учун гидроэлектр станцияларда 6,5 мрлд кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўлган бўлса, ҳозирги прогнозлар мана шу кўрсаткич 5 млрд кВт.соат атрофида бўлишини кўрсатяпти. Албатта, бизнинг энерготизим қўшни Қирғизистон ёки Тожикистон энерготизимлари каби, Гидроэнергетикага жуда ҳам боғланиб қолган эмас, яъни гидроресурсларимиз чекланган бўлса, батамом электр энергиясини ишлаб чиқаришдан тўхтайди, дегани эмас. Лекин, мана шундай юклама бирданига ортиб кетган соатларда қоплаб бериш механизмидан биз тўлақонли ҳозирги кунда фойдалана олмаяпмиз. Ва бунинг натижасида, етмаётган қувватни бошқа иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариб, қоплаш чораларини кўряпмиз.
Савол: Маълумки, Ўзбекистон электр энергиясини четга экспорт ҳам қилади ва ушбу экспортнинг катта қисми Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. Аммо бугун қўшни Афғонистонда вазият ўзгарган, ҳокимият ўзгарган ва мана шундай шароитда Ўзбекистон томонидан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш давом этяптими?
Шерзод Ходжаев: Ўзбекистон бугунги кунда электр энергиясини фақат Афғонистонга экспорт қиляпти. Афғонистонда ҳукумат ўзгарган заҳотиёқ, Афғонистон энергетиклари томонидан бизга расмий мурожаат келиб тушди. Янги ҳукумат Ўзбекистон билан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни нафақат давом эттириш, балки кучайтириш бўйича Афғонистон энергетиклари олдига вазифа қўйганлигини билдиришди. Бундан сўнг Афғонистон энергетиклари билан Афғонистон ҳукумат вакиллари билан бир неча бор музокоралар ўтказилди. Ва биздаги бор шартномамиз, яъни 2021 йил учун белгиланган шартномавий миқдорлар асосида электр энергиясини етказиб бериш давом эттириляпти. Бу ерда бир аҳамиятли жиҳати бор, тан олиш керак, Афғонистондаги сиёсий вазиятни ўзгариши биз энергетикларнинг ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Олдинги даврларда бизда электр узатиш тармоғимизда кўплаб террористик ҳужумлар бўлиши, тармоқларнинг портлатилиши, Афғонистон ҳудудида албатта юз берарди ва Афғонистонлик энергетиклар мана шуни тиклаш учун кўп вақт сарфлашарди. Натижада, бизнинг энерготизимимиз фавқулодда кутилмаган узилишлар ёки қайта тиклангандан кейин уланишларни ўзини бошидан ўтказишга мажбур эди. Ҳозирги кунда бу муаммолар тўлиқ бартараф этилди деб биляпмиз, чунки электр энергиясини етказиб бериш бир маромда.
Савол: Вазир ўринбосарига электр энергияси экспорти мавзусига оид бўлган ва жамоатчилик диққатини тортган яна бир савол билан юзландик. Бир неча кун олдин Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган ва унинг давомида Ўзбекистондан Қирғизистонга электр энергиясини етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Шерзод Ходжаев биз қўшнимизга нима сабабдан электр токи етказиб бераётганимизга ойдинлик киритди.
Шерзод Ходжаев: Ўзбекистон ва Қирғизистон энерготизимлари параллел режимда ишлайди. Яъни, электрлаштириш бошланганда Марказий Осиёда режалаштирилган даврда мана шу иккита энерготизим бир-бирини хусусиятидан, имкониятидан келиб чиққан ҳолда бир-бири билан уйғун ишлаши ва мавсумий нуқтаи назаридан бир-бирини қўллаб-қувватлаб туриши режалаштирилган. Минг афсуски, кейин мана шу иш тизими бузилиб кетган эди. Охирги 3-4 йилда қўшни мамлакатларимиз энергия тизимлари билан ҳамкорлигимиз янада кучайиб, энг яхши режимларда ишлаганидек муносабатларга қайтиб келдик. Қирғизистон энергия тизимида электр энергиясини ишлаб чиқариш асосан сув ресурсларига боғлиқ. Сув ресурсларига боғлиқлигини Ўзбекистонга ҳам салбий ҳам ижобий таъсири бор. Куз-қиш мавсумида Қирғизистонда энергияга бўлган талаб ортган даврда агар улар электр энергиясини кўпроқ ишлаб чиқариб “Тоқтогул” сув омборидан сувни кўпроқ чиқариб юборишса, кейинги йил баҳор-ёз ойларида мана шу сув ҳажмини тўлдиришга мажбур бўлишади ва ёзда сув чиқариш миқдорини кескин камайтиришга мажбур бўлишади. Албатта, бу бизнинг Фарғона, Андижон, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари қишлоқ хўжалигига ўзини салбий таъсирини кўрсатади. Шунинг учун жуда узоқ вақт мобайнида мана ўзаро мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган эди. Гидроресурслардан фойдаланиш – кўпроқ ёз ойларида, иссиқлик электр станцияларидан фойдаланиш – кўпроқ қиш ойларида. Бу ерда яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, биздаги кузатилаётган сув танқислиги Қирғизистонда кузатилаётган сув танқислигидан бир мунча юмшоқроқ. У ердаги сув танқислиги жуда ҳам юқори нуқтага етиб келди. Яъни “Тоқтогул” сув омборидан сув чиқариш режими нормал равишда амалга ошириладиган бўлса, баҳор ойига келиб сув омбори тўлиқ бўшаб қолиш эҳтимоли мавжуд. Шунинг учун биз жорий йил бошида Қирғизистон энергетиклари билан ўзаро 3 йиллик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиб тасдиқлаганмиз. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган. Шунга кўра, мавсумий энергия алмашинуви йўлга қўйилган. Баҳорда ва кузда электр энергиясини биз уларга етказиб берамиз, улар эса бизга ёзда қайтариб беришади. Натижада, бизнинг қишлоқ хўжалигимиз кўпроқ сувга эга бўлади ва аксинча уларнинг сув омборларида қиш ойлари учун кўпроқ сувни сақлаш имкониятлари юзага келади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон энергия тизими Қирғизистон энергия тизимидан тўрт баробар катта. Яъни, сентябрь ойларида биз етказиб берадиган ёки март-апрель ойларида биз етказиб берадиган ҳажмимиз Ўзбекистон энергия тизимининг 1,5 кунлик истеъмолига тенг. Унақа катта миқдорлар тўғрисида гап кетаётгани йўқ биз учун, лекин уларнинг энергия тизими 4 баробар кичкина бўлганлиги учун улар учун бу сезиларли аҳамиятга эга.
Савол: Ўзбекистонда бугунги кунда электр энергияси қандай усулларда ишлаб чиқариляпти, агар Сизда аниқ рақамлар бўлса, фоизлар мисолида маълумот берсангиз яхши бўлар эди.
Шерзод Ходжаев: Ўзбекистонда бугунги кунда электр энергиясини ишлаб чиқаришда иссиқлик электр станцияларининг улуши 90 фоиздан ортиқ. Гидроресурсларнинг кўп ёки камлигига қараб, 10 фоизгача бўлган миқдор Гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилади. Мана энди биринчи қуёш электр станцияси ишга тушди, кейингиси ишга тушади, шамол электр станциялари ишга туширилади ва умуман олганда келгуси 10 йилда иссиқлик электр станцияларининг улушини шу 92 фоиздан узоғи билан 75 фоизгача миқдорида қолдириш вазифаси бор олдимизда.
Савол: Бир неча кун аввал Тошкент шаҳрида фуқаро ўз хонадонида қуёш панеллари ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқараётгани, унинг ортидан ўз эҳтиёжини тўлиқ қондириб, ҳаттоки эҳтиёжидан ортган электр токини давлатга сотаётгани ҳақидаги ҳабар кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Бу воқеадан сўнг жуда кўплаб юртдошларимизда мен ҳам қандай қилиб мана шундай кичик қуёш фотоэлектр станцияларни ўз хонадонимга ўрнатишим мумкин, деган саволлар туғилмоқда. Шу хусусида юртдошларимизга маълумот берсангиз.
Шерзод Ходжаев: Аҳоли хонадонларида қуёш панелларини ўрнатиб, ўз эҳтиёжларини қоплаш, ортган қисмини эса, эҳтиёжи бор истеъмолчиларга сотиш бўйича давлат сиёсати мавжуд. Охирги икки йилда амалга оширилган энг катта лойиҳаларимиздан бири – бу ақлли ҳисоблагичлар – АСКУЭ тизими. Мана шу АСКУЭ тизимида аҳоли хонадонларига ўрнатилган ҳисоблагичларнинг барчаси электр энергиясини икки томонлама ўлчаш хусусиятига эга. Ҳисоблагич ҳам тармоқдан олинганини ҳам агар мабодо ўзида ишлаб чиқарса, ортиқча қисмини тармоққа берса, тармоққа қанча берилганини ҳисоблай олади. Мана шу ишлаб чиқарилган электр энергиясини тармоққа узатишни аниқ ҳам теҳник регламентда белгиланган, ҳам молиявий кўрсаткичлари белгилаб қўйилган. Яъни ишлаб чиқарилган энергиясини ҳудудий электр тармоқлари корхоналаримиз ҳарид қилишга мажбур ва истеъмолчи учун жозибадор бўлган нархда. Ўйлайманки, бу йўналиш жуда ҳам катта истиқболга эга. Биз Осиё тараққиёт банки билан мана шундай кичик қувватли қуёш электр станцияларини, чунки оддий тил билан айтганда бу ҳам кичик электр станция. Жуда кичкина бўлса-да, ривожлантириш дастурини ҳозир ишлаб чиқяпмиз. Бу ерда асосий муаммо – ҳар бир хонадон ҳам шундай қуёш панелларини харид қилишга молиявий жиҳатдан тайёр эмас. Кимлардир техник жиҳатдан мана шу теҳнологияга кўпам ҳали ишонмайди. Демак, бу ерда бизнинг вазифамиз нимадан иборат бўлади? Биринчиси, бу йўналишни ривожлантириш учун имтиёзли кредитларни бериш тизимини йўлга қўйиш;
Иккинчиси, энергия сервис компанияларининг сонини кўпайтириш. Яъни, оддий тил билан айтганда, сиз бошингизни қотирманг, биз ўзимиз олиб келамиз, ўрнатамиз, улаб берамиз, Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан шартномасини расмийлаштириб қўлизга олиб келиб берамиз. Сиз маълум бир муддат давомида – 24 ой, 36 ой давомида мана шу ускуналарнинг тўловини бўлиб-бўлиб амалга оширасиз, деган хизмат турини ривожлантиришимиз керак. Бу борада бизга Осиё тараққиёт банкининг техник кўмак дастури йўлга қўйилган. Ўйлайманки, мана шу 2022 йилдан бошлаб, бу тизим ишга тушгандан кейин мана шунақа кичик қувватли электр станцияларининг сони кўпаяди.
Савол: Ҳозир мана фуқаролар, юртдошларимиз айнан шундай қуёш панелларини ўз хонадонларига ўрнатиши мумкинми? Яъни қандай қилиб, қаердан сотиб олиш мумкин?
Шерзод Ходжаев: Ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига мурожаат қилишса, мана шундай қуёш панелларини харид қилиш, ўрнатиш, тармоққа улаш, шартнома тузиш масалалари бўйича ёрдамчи бўлишади.
Савол: Ўзи умуман энергетика соҳасида бугун долзарб масалага айланяптики, яъни қайта тикланувчи энергия манбалари. Ўзбекистонда бу борада келгусида истиқболда қандай режалар бор?
Шерзод Ходжаев: Юқорида таъкидлаганимдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини биз камида 25 фоизга етказиш бўйича давлат раҳбаридан топшириқ олганмиз. Шунга асосан концепция ишлаб чиққанмиз, хорижий ҳамкорларни жалб қилган ҳолда тасдиқлаганмиз. Ва бу ҳақда барча ушбу соҳага қизиқиш билдирган инвесторларга очиқ-ойдин Энергетика вазирлигини сайтида жойлаштирганмиз. Биз бир нечта тендерларни ўтказдик ва кўриб турибмизки, йилдан-йилга Ўзбекистонга қизиқиш билдираётган инвесторларнинг ишончи ортиб бормоқда. Оддий битта мисолни келтираман: Навоий вилоятида ишга туширилган илк қуёш электр станциямиз билан охирги тендерни ўтказганимиздаги олган таклифларимиз таърифларимиз ўртасида 1,5 баробардан ортиқ фарқ бор. Яъни, нархлар тушди. Лекин жаҳон бозорида панелларни ишлаб чиқариш ёки керакли бўлган метал конструкциялар бўладими, кабель маҳсулотлари бўладими, ишлаб чиқаришда нархлар ортса-орттики, пасайгани йўқ. Шамол энергетикаси бўйича тўхталадиган бўлсак, ҳозирги кунда бизда амалга оширилаётган 4 та лойиҳамиз бор. Умумий қуввати 1 600 МВт. Инвестициялар ҳажми қарийб 2 млрд доллар. Бу тўғридан-тўғри давлат кафолатисиз амалга оширилаётган инвестициялар.
Савол: Қачон айнан ишга тушиши мумкин?
Шерзод Ходжаев: 2023 йилнинг Худо хоҳласа мана шунақа ноябрь-декабрь ойларидан бошлаб, электр энергиясини ишлаб чиқариб, тармоққа узатишни бошлайди.
Савол: Ушбу шамол электр станциясиялари лойиҳалари айнан қайси ҳудудда режалаштириляпти?
Шерзод Ходжаев: Шамол ресурсларимиз энг яхши ҳудудлар – бу албатта, Қорақолпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятлари. Ўйлайманки, биз олдимизга режа қилиб қўйган 3 000 МВт шамол электр станциялари 2030 йилга қадар эмас, 2025-2026 йилларга қадар ишга туширилади ва келгуси даврда яна ҳам бу қувват ошириб борилади.