Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-72-сонли қарорига асосан Энергетика вазирлиги тизимидаги “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Жумладан, Талимаржон иссиқлик электр станциясида жами қуввати 900 МВтга тенг бўлган иккита, Навоий иссиқлик электр станциясида 1300 МВтга тенг иккита буғ-газ қурилмалари ҳамда Тошкент иссиқлик электр марказида ҳар бирининг қуввати 32 МВтдан бўлган иккита газ турбина қурилмалари (жами 64 МВт), қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Янги қувватларни фойдаланишга топшириш графиги:
- Талимаржон ИЭСда умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаси 2024 йилда;
- Навоий ИЭСда учинчи ва тўртинчи босқичда ҳар бирининг қуввати 650 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмаси 2024-2025 йилларда фойдаланишга топширилади;
- Тошкент ИЭМ да ҳар бирининг қуввати 32 МВтдан бўлган иккита газ турбинаси 2023 йилда ишга туширилади.
Ушбу қувватларни жорий этиш натижасида энерготизимда қўшимча 2 264 МВт қувват қўшилиб йилига 18,0 млрд кВт.соат электр ишлаб чиқарилади.
Қурилмаларнинг фойдали иш коэффициенти юқорилиги ҳисобига йилига 2,4 млрд куб метр табиий газ иқтисод қилинади. Иқтисод қилинган табиий газнинг ўзига бир йилда 14,0 млрд кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Аҳамиятлиси, республикамизда 700 га яқин янги иш ўринлари яратилади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати