Ўзбекистонда аҳолини газ билан таъминлаш яхшиланиши учун нималар қилинмоқда, магистрал газ қувурлари қай аҳволда, газ экспорти қандай йўналишлар орқали амалга оширилади?
Шу ва бошқа қатор саволларга жавоб олиш мақсадида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Сайидов билан суҳбатлашдик.
– Улуғбек Ҳусанович, дастлаб Ўзбекистон газ транспорт тизими ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Мамлакатимиз газ-транспорт тизими энг ривожланган тизимлардан биридир. Барча вилоятлардан магистрал газ қувурлари ўтган ва уларнинг умумий узунлиги 13 250 км.ни ташкил қилади. Мисол учун айтишимиз мумкин, Бухородаги Газли кони ҳатто собиқ иттифоқ газ тизимининг бошланиш нуқтаси бўлган. Бундан 50-60 йил олдин Бухоро гази Россия федерацияси ҳудудига етказиб берилган. Мана шу Газли ҳудудини ҳалигача Ўзбекистон Республикасининг газ-транспорт ҳаби деб ҳисоблаш мумкин. Газли кони негизида газ омбори ҳам мавжуд ва бу омбор ҳар йили 3 млрд. куб м. газ сақлаш ва қиш мавсумида фойдаланиш имконини беради.
Бугунги кунда тармоғимизда 393 та газ тақсимлаш, 25 та компрессор станциялари бор ва уларда 250 та агрегатлар ишлайди. Улар газни бир нуқтадан иккинчи нуқтага етказишга хизмат қилади.
Энг муҳим нуқталаримиздан бири бу – Марказий Осиё газ ўтказиш қувурлари тизими. Бу тизим азалдан ўзбек ва туркман газларини шимолга етказиб беришга хизмат қилган ва бир кунда 100 млн. м3 газ ўтказиш қувватига эга.
Мустақиллик йилларида яна бир йирик газ ўтказиш тизими қурилди – бу Ўзбекистоннинг 525 км. ҳудудидан ўтувчи, Туркманистон ва Ўзбекистон газини Хитойга етказиб берувчи йўналиш ҳисобланади. Бу транзит орқали Ўзбекистон яхши маблағ ишлаб олиш билан бирга мазкур лойиҳа тўлиқ хорижий инвестиция орқали амалга оширилгани ҳам аҳамиятлидир. Бу лойиҳа 50 млрд. м3гача газ ўтказиш қувватига эга. Лойиҳа ишчиларининг барчаси юртдошларимиздир.
– ЦАРЭС давлатлари анжуманида соҳа вазири Алишер Султонов Марказий Осиё давлатлари газ тизимини бир марказ орқали бошқариш ташаббусини илгари сурганди. Бу режа амалга ошиши мумкинми?
– Биз Марказий Осиё ҳудудида худди электр энергиясидаги сингари интеграллашган умумий тизим ишини йўлга қўйиш таклифи билан чиққанмиз. Ҳозир Осиё Тараққиёт Банки ва қўшни давлатлар билан мана шу масала устида ишлаяпмиз.
Қўшни давлатлар билан газ тармоқларимиз бир-бирига боғланган. Тизимдан самарали фойдаланиш, талафотсиз ишлатиш ва техник ҳолатлар мониторинги, таъмирлаш ишларини йўлга қўйиш, кимгадир зарур бўлган пайтда газни етказиб бериш, кимдандир ортиқчасини олиш каби қатор масалаларда бизга бундай марказ жуда зарур.
Ҳозир қўшни давлатлар бу таклифимизни ўйлаб кўришяпти, ҳисоб-китоб қилишяпти. Ҳар жиҳатдан қулай жойда жойлашганлиги учун бу марказ фаолиятининг Ўзбекистонда йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.
– Аҳоли энг зич ва таъминоти оғир бўлган ҳудуд Фарғона водийси ҳисобланади. Водий таъминотини яхшилаш учун қандай ишлар амалга ошириляпти?
– Президентимиз талаби ҳам, ўзимизнинг мақсадимиз ҳам халқимизни газ билан таъминлаш. Фарғона водийсига йўлга қўйилган «Оҳангарон-Пунгон» газ ўтказиш қувури ноёб лойиҳа ҳисобланади. Чунки шунча баландликда эканлигига қарамай ишлаб келмоқда. Ана шу қувурни лупинг қилиш, яъни ўтказиш қувватини ошириш ишлари кетмоқда.
Бундан ташқари, водий вилоятларида ҳам геология-разведка ишлари олиб борилмоқда, янги конлар очилмоқда. Ана шундай конлардан бири – Учтепа конидир.
Энг муҳими, биз Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги газ омборини модернизация қилишни режалаштираяпмиз. Сабаби бу омбор 900 млн. м3 газ сақлаш имкониятига эга. Биз шу кўрсаткични 1,2 млрд. м3га етказмоқчимиз. Ана шу қўшимча 300 млн. м3 газ водий аҳолисининг куз-қиш ойларидан қийинчиликсиз ўтиб олишларига ёрдам беради.
– Бир нечта йирик лойиҳалар тўғрисида гапирдингиз. Булар бир неча йилларни ва катта маблағларни талаб қилади. Уларни молиялаштириш манбалари қандай?
– Энг нозик масала молиялаштириш манбаларини топиш ва улардан самарали фойдаланишдир. Модернизация ишларини амалга ошириш учун экологик-ижтимоий аудит, тендер ишлари амалга оширилди. Биз биринчи босқич ишларида Осиё Тараққиёт Банки кўмагидан фойдалансак, кейинчалик Жаҳон Банки, Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки ва Япониянинг қатор молиявий институтлари ёрдамидан фойдаланамиз. Уларда бизнинг лойиҳаларимизга жуда катта қизиқиш бор.
Модернизацияга бу қадар жиддий киришганимизнинг сабаблари бор, албатта. Таъкидлаш керакки, жуда узоқ вақт газ-транспорт тизимига катта маблағ ажратилмаган. Магистрал газ қувурларимизнинг 60 фоизи 30 йилдан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда. Газ босими, ўтказиш қуввати, қувур диаметри каби омилларга қараб улардан фойдаланиш муддати ўзгариб боради. Баъзи қувурлар 55 атмосфера босими ўтказиши керак бўлса-да, бу кўрсаткич 30 атмосферага тушиб қолган, яъни икки баробаргача камайиб кетган.
Биз вазиятга кўра маълум ҳудуд қувурини бутунлай алмаштирамиз ёки ўтказувчанлик хусусиятини оширамиз
Суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов