Савол: Биогаз нима, у қандай олинади, Ўзбекистонда бу йўналишнинг афзалликлари ва истиқболлари ҳақида маълумот берсангиз?
Бизнинг маълумот: Биогаз қурилмаси – бу биологик ва органик чиқиндиларнинг анаэроб (кислородсиз) шароитда бактериялар ва бошқа микроорганизмлар ёрдамида қайта ишлаш (ферментация қилиш) учун махсус қурилмалар тизими бўлиб кўллаш натижасида биогаз ажралиб чиқади.
Жавоб: Биологик чиқиндиларни тўғридан-тўғри ёқиш йўли билан энергия олишдан ташқари биогаз ҳам олиш мумкин. Биогаз ҳар хил биологик маҳсулотларни кислородсиз муҳитда фермэнтация-ачиши натижасида ҳосил бўладиган маҳсулотдир ва у турли газлар аралашмасидан иборат бўлади.
Унинг асосий ташкил қилувчилари: метан (CH4) - 55-70% , углерод диоксиди (CО2) - 28-43% ва оз миқдордаги масалан, 500 промилл водород сулфид (H2S) ва бошқа газлардир. Биогаз ва органик ўғитлар ҳосил бўлиш жараёни махсус биореакторларда амалга оширилади.
Биогаз олишда афзал томонлари бу қўллашда электр энергия талаб қилмаслиги, ишлаш принципининг мураккаб эмаслиги ва ишлаш жараёнида чиқиндилар ўрнига ўғит ҳосил бўлиши.
Чиқиндиларни биоконверция жараёни энергетик муаммони ҳал қилишдан ташқари яна иккита масалани ҳал қилади. Биринчидан, биогаз қурилмасидан олинган ўғит одатдаги ўғитга қараганда қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлигини 10 ÷ 20% оширади. Иккинчидан, чиқиндилар ачиган вақтда ўғит таркибида кўп миқдордаги бегона ўтларнинг уруғлари, ҳар хил микроблар бирикмалари, гелминтин уруғлари ва ёқимсиз ҳидлар йўқотилади.
Мамлакатимизда биогаз ишлаб чиқариш истиқболларига назар соладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг 60%дан кўпроқ аҳолиси қишлоқ ҳудудида истиқомат қилади. Юртимизда биогаз технологияларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири маҳаллий фермаларда дастлабки биогаз заводларини яратиш ва уларни амалда синаб кўриш. Бу амалий фойдани ва биомасса энергиясини кичик ва ўрта чорва фермаларда ишлатиш фойдасини намойиш қилади.
Шу қатори бу технология Республикамизда ҳам қўлланилмоқда, хусусан Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятларида биогаз қурилмалари қурилган ва ҳозирда ишламоқда. Қурилмалардан фақатгина ўз хўжаликлари учун кифоя қиладиган биогаз ишлаб чиқаришда фойдаланиб келинмоқда.
Ҳозирда Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидаги “Милк-Агро” наслчилик фермер хўжалигида ишга туширилган биогаз ишлаб чиқариш қурилмасининг умумий ҳажми 120 м3 ни ташкил этади (2 та 60 м3 ҳажмли биореактор). Ҳосил қилинган биогаз 60 м3 ҳажмли газголдерда сақланади. Ускунанинг қўллаш натижасида кунига 300 м3 биогаз ва 10 тонна суюқ биоўғит олинмоқда.
Ҳозирда мамалакатимиз ҳудудларида турли хил қувватга эга бўлган 8 дона биогаз қурилмалари ишлаб турибди. Шунингдек, биогаз ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган сифатли табиий ўғит қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигини янада оширади, кимёвий ўғитлар ўрнини босиб, фермерлар ҳаражатларини тежашга ҳамда экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга ҳизмат қилади.
Республикамизнинг агросаноат комплексида экологик тоза ва энергиядан самарали фойдаланувчи технологияларни жорий қилиш мақсадида, биогаз қурилмаларини эксплуатация қилувчи ва ишлаб чиқарувчи ташкилотлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларни тақдим этишни кўзда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг “Республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмаларини қуришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 25 ноябрдаги 343-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан, АТБ “Ҳамкорбанк”, АТБ “Туронбанк”, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”, АТ “Халқ банки”, АИТБ “Ипак йўли”, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк”ларга Глобал экологик фонд (ГЭФ) грантларини, шунингдек кредитларни республикамизнинг қишлоқ хўжалиги корхоналарида биогаз қурилмаларини қуриш бўйича лойиҳаларнинг ташаббусчиларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаларида ажратиш тавсия этилган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати