“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналари мутахассисларидан ташкил топган гуруҳ Италияда бўлиб, AC “Boilers S.P.A.” компанияси томонидан ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этишмоқда.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2022 йил давомида тизим корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
2022 йилнинг 24 март куни Тошкент халқаро инвестиция форумида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва Италиянинг AC “Boilers S.P.A.” компанияси ўртасида анъанавий иссиқлик электр станцияларида барқарорликни ошириш мақсадида модернизация ишларини олиб бориш, амалдаги газ турбиналари ва буғ қозонларидан фойдаланишда иссиқлик қозонларининг самарадорлигини таъминлаш ва кадрлар малакасини ошириш йўналишида англашув меморандуми имзоланган эди.
Унга кўра, 27 июнь куни “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизим корхоналари ходимлари учун ташкил этилган биринчи қисқа муддатли малака ошириш курсларига старт берилди. Жорий йилнинг 3 июлига қадар давом этадиган дарсларда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ходимлари қатори “Ўзэнерготаъминлаш” АЖ, “Ўзэнергосозлаш” МЧЖ, “Тошкент ИЭС” АЖ ва “Тахиатош ИЭС” АЖ каби корхоналарнинг жами 11 нафар мутахассислари қатнашмоқда. Белгиланган ўқув жадвалига асосан ўзбекистонлик мутахассислар газ турбиналари ва буғ қозонларидан фойдаланиш бўйича амалиёт дарсларида иштирок этишади. Малакали мутахассислар томонидан ўтказиладиган назарий дарсларда мавжуд билимларини янада мустаҳкамлайдилар.
- Бугун “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида ходимларни тайёрлаш ва малакасини оширишда нафақат маҳаллий балки дунёнинг етакчи компаниялари тажрибаси ўрганилмоқда. Жумладан, Италининг AC “Boilers S.P.A.” компанияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида йил сўнгига қадар 10 та гуруҳга бириктирилган 100 нафардан ортиқ ходим малакаси оширилиши режалаштирилган, - дейди “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг Ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Феруза Тургунова.
Маълумот ўрнида, 2022 йил давомида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида ходимлар шунингдек, Германия, Франция ва Россия давлатларида малака оширишлари белгиланган.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати