Мустақил экспертиза бўйича жаҳон етакчиси Швейцариянинг SGS компанияси “Uzbekistan GTL” томонидан ишлаб чиқарилаётган синтетик дизел ёқилғиси сифати Euro-6 Европа экологик стандартининг юқори талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.
“Uzbekistan GTL” Euro-6 (ЕН15940) Европа экологик стандарти ва O'zDSt EN15940:2022 миллий стандартининг юқори талабларига тўлиқ жавоб берадиган “премиум-класс” тоифасидаги синтетик дизел ёқилғисини ишлаб чиқаришни бошлади.
2022 йил 1 июл куни Швейцариянинг SGS компанияси “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган синтетик дизел ёқилғисининг мустақил лаборатория синовларини ўтказди, унинг натижалари GTL томонидан ишлаб чиқарилаётган дизел ёқилғисининг барча параметрлари халқаро ва миллий стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аккредитация маркази (O'ZAK.SL.0208) томонидан аккредитацсиядан ўтган “Uzbekistan GTL” заводининг Марказий Лабораторияси ҳам ишлаб чиқарилаётган GTL синтетик дизел ёқилғиси стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаган эди.
“Uzbekistan GTL” “премиум-класс” тоифасидаги синтетик дизел ёқилғиси Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг савдо платформалари орқали сотилади.