Маълумки, Президентимизнинг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига асосан, электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширувчи «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Мазкур жамият таркибига 16 та корхона киритилган бўлиб, шундан 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқларини эксплуатация, шунингдек, мазкур объектларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга оширувчи 14 та ҳудудий электр тармоқлари корхоналари фаолият олиб бормоқда.
Жамият томонидан 2019 йилда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, аҳолини сифатли ҳамда узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 6 400 километр электр узатиш тармоқлари ва 2 600 дона трансформатор пунктида реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди, бунинг натижасида 545 та маҳаллада яшовчи 920 минг хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди.
Қишлоқ жойлари инфратузилмасини яхшилаш мақсадида, “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 2 400 километр электр узатиш тармоқлари ва 800 та трансформатор пункти янгидан қурилди. Бундан ташқари, 2 900 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 1 600 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури ижросини таъминлаш борасида эса 234 километр электр узатиш тармоқлари ва 94 та трансформатор пункти янгидан қурилди, шу билан бирга 188 километр электр узатиш тармоқлари ва 272 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.
Қўшимча равишда 2019-2020 йилларда куз-қиш мавсумига электр ускуна ва тармоқларини тайёрлаш мақсадида 20 300 километр электр узатиш тармоқлари ва 6 800 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Қишлоқ жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида республика бўйича 368 километр электр узатиш тармоқлари ва 344 дона трансформатор пункти янгидан қурилди. 126 та эркин иқтисодий, кичик саноат ҳамда фарм зоналарда 720 дан ортиқ тадбиркорлик субъектини электр узатиш тармоқларига улаш мақсадида 160 километр электр узатиш тармоқлари ва 98 дона трансформатор пункти қурилди.
Шунингдек, йирик лойиҳа – истеъмолчиларга электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими(АСКУЭ)ни жорий қилиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб 2,5 миллион истеъмолчига янги замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши таъминланди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мавжуд қувватларни ошириш ва истеъмолчилар, айниқса, тадбиркорлик субъектларига электр энергиясини ишончли таъминлаш учун 9 та вилоятда 16 та юқори кучланишли подстанцияда реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилди ва 115,3 км 35-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 9 дона подстанция қурилди.
Истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари бинолари замонавий архитектура-дизайн талаблари асосида 64 та электр таъминоти корхонаси бинолари капитал таъмирланади ва 4 таси янгидан қурилди.
Ўтган йилда электр тармоқлари корхоналари таркибида 4 та темир-бетон таянч ишлаб чиқариш заводлари ташкил этилган бўлса, 2020 йилда қўшимча равишда 8 та завод ишга туширилади ва уларнинг сони 12 тага етказилади. Бу эса, ўз навбатида, жойларда эскирган сим-ёғочларни темир-бетон таянчларга алмаштириш ишларини жадаллаштиради.
Ҳудудий электр тармоқларининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида 100 дона “Ямабур махсус техникаси” олиб келинди. 2020 йилда тармоқ корхоналарнинг моддий-техника базасини янгилаш мақсадида қўшимча равишда 34 дона автолаборатория ҳамда 14 дона автокран харид қилиниши кўзда тутилган.
Энг муҳими, ушбу тизимли саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз электр энергияси таъминотининг янада яхшиланиши йўлидаги муҳим омил бўлиб хизмат қилади.