ДАВОМИ
АСКУГ тизимини Ўзбекистонда жорий этиш ҳақидаги гаплар узоқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. Бунга сабаб, хўжалик секторида бугунги кунда газ истеъмолчиларининг ўртача 70 фоизида газ ҳисоблагичлари ўрнатилган. Уларнинг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилганлиги, маънан ва жисмонан эскирганлиги сабабли, ҳисоблашдаги хатоликлар рухсат этилган кўрсатгичлардан ошиб кетади. Бундан ташқари, айрим турдаги ҳисоблаш ускуналари ишлаб чиқарувчилар томонидан бугунги кунда ишлаб чиқаришдан олинган бўлиб, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳам ўз-ўзидан тўхтатилган.
Истеъмолчилар тез-тез дуч келадиган яна бир муаммо - бу кўрсатгичлардаги номувофиқлик бўлиб, ҳисоблагичда бошқа рақамлар, биллинг тизимида эса умуман бошқа кўрсатгич. Натижа эса аниқ - кайфиятнинг бузилиши, турли хил текширув жараёнлари ва эҳтимол кўп йиллардаги тўлов квитанцияларини йиғиш, тегишли ташкилотларга бетиним қатнаш ҳамда соатлаб навбатларда кутиш.
Албатта, табиий газ етказиб берувчисининг фаолияти ҳам аъло даражада деб бўлмайди. Улар учун АСКУГ тизимини жорий этиш зарурати, энг аввало, мамлакатда газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилувчи замонавий маълумотларни йиғиш бошқарув тизимининг йўқлигидан келиб чиқмоқда. Шу сабабли, газ таъминотчиси ва энергия комплексининг яна бир қатор тузилмалари юзлаб миллиард сўмларни йўқотишмоқда. Бундан ташқари, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорлар сони ҳам кўпайиб кетган.
Амалдаги тартибга мувофиқ, истеъмол қилинган "зангори ёқилғи" учун тўлов ҳар ойнинг 10-кунигача тўланиши кераклигини, деярли ҳамма билади. Аммо, амалиёт, аслида ҳаммаси бошқача эканлигини, истеъмол қилинган ёқилғи учун хаддан зиёд катта қарзлар вужудга келаётганини кўрсатмоқда.
Ушбу муаммо баъзи бошқа соҳалар учун ҳам долзарбдир. Ҳозирги кунга келиб, бу муаммони ҳал қилишнинг чораси мавжуд. Айтайлик, истеъмолчилар интернет ёки мобил алоқадан фойдаланишмоқчи бўлса, олдиндан тўловни амалга оширишади. Акс ҳолда, улар барча хизматлардан маҳрум бўлишади – ёки уларни шунчаки "ўчириб" қўйишади. Дарҳақиқат, ўз фаолиятини ташкил қилган пайтдан бошлаб, хизмат кўрсатувчи ёки етказиб берувчилар "тўлов йўқ, хизмат ҳам йўқ" деган ягона қоидага амал қилишади, бунинг натижасида эса муддати ўтган дебитор қарздорлик билан боғлиқ муаммолар юзага келмайди.
Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) соҳага тадбиқ этиш орқали, тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларни вужудга келишини олдини олиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда "зангори ёқилғи"дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини огоҳлантирилишига эришилади. Буни амалга ошириш механизмларидан бири бу - "ақлли" газ ҳисоблагичларни ўрнатишдир. Бу каби ҳисоблагичлар, истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатишлари, дебитор қарздорлар сонининг эса сезиларли даражада камайиб, газни ҳисобга олишнинг биллинг тизимидаги кўрсатгичлар ўзгаришига инсон омили таъсирини бартараф этилишига олиб келади.
АСКУГ тизимини мамлакатимизда жорий этиш билан боғлиқ ишлар "Ҳудудгазтаъминот" АЖ зиммасига юклатилган. Ва бу жараён 2022 йил охирига қадар якунланиши керак. Тизим газ ҳисоблагичларини ўрнатишни, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатишни, алоқа линияларини ётқизишни ва керакли телекоммуникация мосламаларини ўрнатишни ўз ичига олади.
Таъкидлаш керакки, "ақлли" ҳисоблагичлар "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ҳисобидан, яъни бепул ўрнатилади. Гарчи кўплаб оммавий ахборот воситаларида табиий газнинг 1 кубометри учун 17 сўмлик индексация қилинадиган инвестиция маржаси ҳақида айтилган. Маълумот учун, Ўзбекистонда мўътадил инфляция туфайли нархлар ва тарифларнинг табиий индексацияси кузатилмоқда ва шунга мос равишда, АCКУГ лойиҳасини амалга ошириш харажатлари истеъмолчилар бўйнига қўшимча юк бўлмайди.
Ушбу ҳақиқатни тасдиқлаш учун барча асослар мавжуд. Хусусан, АСКУГни жорий этишга тайёргарлик ишларига 2017 йилда киришилган. 2018-2019 йилларда газ таъминоти ва истеъмоли турли хил бўлган ҳудудларда тажриба лойиҳалари бошланиб, истеъмол ҳажмини кузатиш ва маълумотларни онлайн узатиш қобилиятига эга газ истеъмолини ўлчаш ускуналари ўрнатилиши режалаштирилди. Тажрибанинг шаффофлигини таъминлаш учун турли ишлаб чиқарувчиларнинг ҳисоблаш ускуналаридан ўрнатилди.
Ҳозирги кунда барча тажриба ҳудудларда АСКУГ тизимини жорий қилиш бўйича ишлар якунланмоқда. Ушбу лойиҳада иштирок этган барча ишлаб чиқарувчиларнинг газ ҳисоблагичлари тасодифий тартибда метрологик текширувдан ўтказилади. Иш натижалари бўйича қўшимча шарҳ ва таклифлар ишлаб чиқарувчиларга юборилади.
Кейинги мақоламизда тажриба майдонларида АСКУГни амалга ошириш натижалари ҳақида батафсил маълумот берамиз. Шундай экан, бизни кузтишда давом этинг.
Биринчи қисм: АСКУГ: Бугунги куни ва истиқболи
"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати