Бугунги кунда Республикада энергия таъминоти муаммоларини “яшил” энергетиканинг бошқа турлари билан биргаликда ҳал қиладиган атом энергетикасини ривожлантириш масаласи Ўзбекистон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бу борада АЭС нинг атроф-муҳит ва мамлакат аҳолиси учун хавфсизлиги масаласи жамиятни ташвишга солаётган асосий мавзулардан биридир. Ушбу мақолада биз энг кўп сўраладиган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.
Реакторларнинг турлари
Дунёда турли хил реакторлар мавжуд, жумладан, тадқиқот, транспорт ва энергетика реакторларидир.
Тадқиқот реактори фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар ўтказиш учун қўлланилади. Тошкентдан 30 км узоқликда жойлашган Ядро физикаси институти (ЯФИ) да 60 йилдан ортиқ вақт давомида илмий-тадқиқот реактори мавжудлигини ҳамма ҳам билмайди. У бир қатор вазифаларни хал қилишга қаратилган бўлиб, хусусан ядро ва нейтрон физикаси соҳасидаги тадқиқотларни ўз ичига олади. Тадқиқотлардан ташқари, реактор ёрдамида турли хил маҳсулотлар, масалан, радионуклидлар ишлаб чиқарилиб, улар экспорт учун ҳам ишлаб чиқариладиган радиофармацевтика маҳсулотларини олишда қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси маълумотларига кўра, 2010 йилдан 2015 йилгача бўлган давр мобайнида ЯФИ турли мамлакатларга 18 млн. АҚШ доллари қийматидаги радио маҳсулотларни экспорт қилган.
Транспорт реакторлари атом музёрарларида ишлатилади. Мазкур кучли денгиз кемалари – атомоходлар муз билан қопланган сувларда йил давомида ишлайди.
Энергетика реакторлари – асосий мақсади электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш бўлган ядро реакторларидир. Энергетика реакторлари атом электр станцияларида ишлайди. Жаҳондаги илк атом электр станцияси – Обнинск АЭС – Собиқ Иттифоқда 1954 йилда ишга туширилган.
Дунё қандай АЭС ларни танлайди?
Бугунги кунда дунёдаги энг хавфсиз ва ишончли энергетика реакторларидан бири сифатида Россиянинг ВВЭР лойиҳаси – сув-сувли энергетика реактори тан олинган. У атом энергетика қурилмаларининг муваффақиятли ривожланиш тармоқларининг вакилидир. Бундай типдаги реакторларнинг бошқа мамлакатлардаги умумий номи - PWR (pressurized water reactor) бўлиб, у дунёдаги ядро энергиясининг асоси ҳисобланади. Бундай реакторга эга бўлган биринчи станция Шиппингпорт атом электр станцияси 1957-йилда Қўшма Штатларда ишга туширилган.
Реактор сув билан тўлдирилган босимли идиш бўлиб, унда ядро ёқилғиси бўлган таёқчалар ботирилади. Бу ҳудуддан ўтиб, сув оқими ажралиб чиққан иссиқликни кетказади.
Ўзбекистонда қандай АЭС қурилади?
Ўзбекистонда Россиянинг ВВЭР-1200 дизайнидаги реакторлари билан энг замонавий лойиҳа бўйича атом электр станциясини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу ерда “1200” рақами реакторнинг қуввати, яъни 1200 МВт ни англатади.
Иккита реакторга эга атом электр станциясини қуриш режалаштирилгани учун унинг умумий қуввати 2 400 МВт бўлиб, 2030 йилда мамлакат электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18% ни таъминлайди.
Биринчи ВВЭР биринчи авлод электр реактори – Нововоронеж АЭС 1-сон энергоблокида 1964 йилда ишга туширилди. Кейинчалик иккинчи авлод реакторлари пайдо бўлиб, улар аллақачон дунё бўйлаб серияли ишлаб чиқаришга йўлга қўйилган эди. Илм-фан бир жойда турмайди ва эволюцион йўл билан такомиллашган 3-авлод, бироздан сўнг эса – 3+ авлодга эришилди. ВВЭР-1200 лойиҳаси сўнгги 3+ авлод реакторларига тегишли. Бу жаҳон атом ҳамжамияти томонидан бугунги кунга қадар энг хавфсиз деб тан олинган рус олимларнинг флагман маҳсулотидир.
ВВЭР нинг хавфсизлиги нимада?
Россия реакторларида автоматлаштирилган фаол ва пассив хавфсизлик тизимлари мужассамлашган. Фаоллари – энергия манбаини талаб қилади, пассив – энергия манбаини талаб қилмайди. ВВЭР-1200 лойиҳасида олимлар барча мавжуд билимларни бирлаштиришга ва реактор биносидан ташқарида радиоактивликнинг чиқарилишидан ҳимоя қилишни таъминлайдиган ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлишди.
Пассив хавфсизлик тизимларига, масалан, реактор блоки устида гумбаз шаклида ўрнатилган қўш темир-бетон қобиқ киради. Агар реактор залида бирор нарса содир бўлса, барча радиоактивлик бу муҳрланган қобиқ ичида қолади. Тасаввур қилинг, реакторга бериладиган барча сув буғга айланади ва чойнакдаги каби деворларда ва қопқоқда ичкаридан босади, аммо ички қобиқ бу улкан босимга бардош беради. Агар таҳдид ташқи бўлса, ташқи қобиқ самолёт қулаши, тўфон, портлаш ва бошқа қаршиликларга бардош бера олади. Шундай қилиб, энергоблокнинг гумбази ҳар доим ташқи ва ички зарбаларни қабул қилишга тайёр.
Реактор қобиғининг муҳим элементи фаол зонанинг амалда эҳтимоли ақл бовар қилмас ҳолатда вужудга келиши мумкин бўлган эришида кўзда тутилган “эритмани ушлаб қолувчи тузоқ”дир. Бу катта коса шаклига эга бўлиб, эритмалар билан кимёвий реакцияга кирадиган ва эритмани деярли бир зумда совутиш ва қаттиқ ҳолатга ўтказиш имконини берадиган материал билан тўлдирилади. "Тузоқ" бевосита реактор остида жойлашгани учун энг қийин вазиятда ўз оғирлиги остидаги эриган масса мазкур ўтга чидамли стаканга тушади. “Эритмани ушлаб қолувчи тузоқ”нинг мавжудлиги, ҳатто энг кам учрайдиган вазиятларда радиоактив парчаланиш маҳсулотлари муҳрланган қобиқда сақланишини таъминлайди.
АЭС зилзилага бардош бера оладими?
Албатта, биздаги сейсмик фаоллик туфайли бу энг долзарб масаладир. 3+ авлод реактори ҳатто электр узилишлари ва ҳалокатларга олиб келадиган қаттиқ зилзила юз берган тақдирда ҳам, худди шундай ҳимоя тизимлари радиоактивликнинг реактор блокидан ташқарига чиқиб кетишига йўл қўймайди. Россия дизайнидаги барча 3+ авлод АЭС лойиҳалари 9 балл зилзилада хавфсизликни таъминлайди.
Қобиқнинг кучайтирилган ҳимоя конструкциялари, шунингдек бинонинг ички конструкциясига зарар етказилишини олдини олувчи тиргаклар кучли силкинишларга бардош беришга ёрдам беради.
АЭС қурилиши ва эксплуатациясининг жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, Ўзбекистон учун ВВЭР-1200 лойиҳасини танлаш хавфсизлик ва ишончлилик омиллари билан асосланади.
Манба